Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистонда молиявий хизматлар соҳасидаги тартибга солиш «қумдони» фаолияти тартиби янгиланди. Унда синовдан ўтказишнинг учта йўналиши белгиланиб, потенциал иштирокчилар доираси кенгайтирилди. Тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжат Адлия вазирлиги томонидан 2026 йил 19 октябрда 3956-сон билан рўйхатдан ўтказилди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги хабар берди.
Ҳужжат молиявий хизматлар соҳасида махсус ҳуқуқий режимни жорий этиш ва бекор қилиш, шунингдек, ушбу режим доирасида фаолият юритиш шартларини тартибга солади.
Тартибга солиш «қумдони»нинг янгиланган моделида учта алоҳида йўналиш назарда тутилган: «инновациялар», «акселерация» ва «технологик ҳамкорлик». Улар махсус ҳуқуқий режим доирасида молиявий хизматлар ва ечимларни синовдан ўтказиш учун асос бўлиб хизмат қилади.
Ўзгаришлар иштирокчилар таркибига ҳам тааллуқли. Энди норезидент юридик шахслар ҳам биргаликда ариза берувчилар сифатида иштирок этиш учун ариза топшириши мумкин. Бундан ташқари, фаолияти Марказий банкдан бошқа давлат органлари томонидан тартибга солинадиган юридик шахсларга ҳам иштирок этиш имконияти берилди.
Янги молиявий хизматни жорий этишни режалаштираётган компаниялар учун ариза топширишдан олдин дастлабки маслаҳат олиш механизми жорий этилди. «Pre-application support» деб аталадиган ушбу тартиб потенциал иштирокчиларга тартибга солиш «қумдони»да қатнашишга тайёргарлик кўриш босқичида маслаҳат олиш имконини беради.
Ҳужжатнинг алоҳида банди иштирокчилар ҳисобини юритишга бағишланган. Тартибга солиш «қумдони» доирасида фаолият юритувчи юридик шахсларнинг махсус реестрини юритиш тартиби белгиланди.
Янги талаблар синов тариқасида тақдим этилаётган молиявий хизматларни тарғиб қилишга ҳам тааллуқли. Бундай хизматларни оммалаштиришга мўлжалланган реклама ва ахборот материалларида улар синовдан ўтказиш доирасида таклиф этилаётгани очиқ кўрсатилиши шарт.
Янгиланган тартиб махсус ҳуқуқий режим фаолиятини ташкил этиш, унда юридик шахсларнинг турли тоифалари иштирок этиши ва истеъмолчиларни таклиф этилаётган молиявий хизматларнинг синов хусусияти ҳақида хабардор қилиш масалаларини тартибга солади.