7
Иқтисод

Мирзиёев Қарши шаҳридаги 54 миллион долларлик тўқимачилик фабрикасига ташриф буюрди

Мирзиёев Қарши шаҳридаги 54 миллион долларлик тўқимачилик фабрикасига ташриф буюрди
Мирзиёев Қарши шаҳридаги 54 миллион долларлик тўқимачилик фабрикасига ташриф буюрди / Фото: Ўзбекистон Республикаси Президенти матбуот хизмати.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Президент Шавкат Мирзиёев Қашқадарё вилоятига ташриф буюриб, “Қашқадарё” эркин иқтисодий зонасидаги “Sulton Tex Group” тўқимачилик кластерининг фабрикаси билан танишди.

Вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича жорий йил 13 мартда қабул қилинган қарор доирасида кластер томонидан мато ишлаб чиқариш ва бўяш фабрикаси ташкил этилди. Қиймати 54 миллион доллар бўлган лойиҳа натижасида йилига 20 минг тонна мато ишлаб чиқариш ва бўяш қувватига эга линиялар ишга туширилди. Фабрикада 840 та иш ўрни яратилди.

Корхонада сув ва энергия сарфини камайтиришга алоҳида эътибор қаратилган. Қиймати 3 миллион доллар бўлган ёпиқ сув айланиши тизими ишлаб чиқаришда фойдаланилган сувнинг 95 фоиздан ортиғини тозалаб, қайта ишлатиш имконини беради. Бунинг ҳисобига йилига 1,1 миллион куб метр сув тежалади.

Фабрикани узлуксиз электр энергияси билан таъминлаш учун газ генератори ўрнатилган. Бино томи ва деворларига умумий қуввати 3,5 мегаватт бўлган қуёш панеллари жойлаштирилган. Ушбу ечимлар электр энергияси, иссиқ сув ва буғ таъминотидаги харажатларни камайтириб, маҳсулот таннархини пасайтиришга хизмат қилади.

Келгусида “Sulton Tex Group” кластери мазкур эркин иқтисодий зонада 70 миллион долларлик лойиҳани амалга ошириб, 3 минг 570 та иш ўрни яратиши режалаштирилган. Вилоятнинг бошқа туманларидаги қиймати жами 17 миллион доллар бўлган лойиҳалар эса яна 1 минг 220 кишини иш билан таъминлаши кўзда тутилмоқда.

Давлатимиз раҳбари фабрикадаги ишлаб чиқариш жараёни ва маҳсулотлар кўргазмаси билан танишди. Бу ерда жорий қилинган ресурс тежамкор технологиялар бошқа тўқимачилик корхоналари учун намуна бўлиши кераклигини таъкидлади.

Корхонада меҳнат қилаётган Дилором Холиёрова Президентимиз билан суҳбатда иш ўрни ва яратилган шароитлардан мамнун эканини билдириб, кўрсатилаётган қўллаб-қувватлов учун миннатдорлик изҳор этди.

– Инсон меҳнат қилса, албатта, натижаси ҳам бошқача бўлади. Мана шу янги авлод тадбиркорларимиз билан ҳозир мутлақо бошқа даражага чиқяпмиз, улар нафақат қўшимча қиймат занжири яратяпти, балки “яшил” технологиялар билан экологияга ғамхўрлигини ҳам намоён этмоқда – деди Президентимиз.

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.