7
Иқтисод

Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги вазири Римдаги ФАО форумида нутқ сўзлади

Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги вазири Римдаги ФАО форумида нутқ сўзлади
Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги вазири Римдаги ФАО форумида нутқ сўзлади / Фото: FAO.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов Италиянинг Рим шаҳридаги БМТ Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) қароргоҳида ўтаётган 2026 йилги Жаҳон озиқ-овқат форумида иштирок этди.

Тадбир давомида вазир мамлакат аграр секторида амалга оширилаётган ислоҳотлар ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга бағишланган нутқ билан чиқиш қилди.

Форум «Бугун инновацияларни яратинг. Эртага озиқ-овқат билан таъминланг» шиори остида ўтмоқда.

Иштирокчилар асосий эътиборни қишлоқ хўжалигига инновацион ечимларни жорий этиш, барқарор озиқ-овқат тизимларини ривожлантириш ва озиқ-овқат соҳасидаги глобал муаммоларни ҳал қилишнинг янги ёндашувларини излашга қаратмоқда.

Иброҳим Абдураҳмонов ўз нутқида Ўзбекистонда амалга оширилаётган аграр ўзгаришлар, замонавий технологияларни жорий этиш ҳамда соҳанинг барқарор ривожланишини таъминлаш бўйича устувор вазифалар ҳақида маълумот берди.

Жаҳон озиқ-овқат форуми 2021 йилда ташкил этилган. У илмий ютуқлар, инновациялар, ёшлар ташаббуслари ва инвестициялардан фойдаланган ҳолда озиқ-овқат тизимларини ривожлантириш масалаларини муҳокама қилиш учун халқаро майдон вазифасини бажаради.

Ўзбекистон делегациясининг форумдаги иштироки халқаро ҳамкорлар билан тажриба алмашиш, хорижий мамлакатлар ва ташкилотлар билан ҳамкорликни кенгайтириш, шунингдек, қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат хавфсизлиги соҳаларида истиқболли ташаббусларни илгари суришга қаратилган.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.