Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Фарғона вилоятидан 200 дан ортиқ тадбиркор, ишлаб чиқарувчи ва селлер маркетплейсда савдони йўлга қўйиш ва ривожлантиришга бағишланган Wildberries ўқув амалий семинарида иштирок этди.
«Wildberries’да қандай савдо қилиш: бошлаш ва ўсиш» тадбири 5–6 октябрь кунлари Фарғона шаҳрида Россия ва Ўзбекистон Ҳудудлар кенгашининг III йиғилиши доирасида бўлиб ўтди. Унда маҳаллий бизнес вакиллари, шунингдек, халқаро савдо платформасига чиқиш имкониятини кўриб чиқаётган тадбиркорлар иштирок этди.
Амалий семинар давомида иштирокчиларга Wildberries’нинг бизнес учун асосий имкониятлари ва савдони йўлга қўйишда амалга ошириладиган қадамлар кетма-кетлиги тақдим этилди. Алоҳида сессиялар сотувчини рўйхатдан ўтказиш, шахсий кабинет очиш ва маркетплейсда ишлашни бошлашнинг амалий босқичларига бағишланди.
Тадбиркорлар, шунингдек, дўконни кейинчалик ривожлантириш ва кўламини кенгайтиришда фойдаланиш мумкин бўлган воситалар ҳақида маълумот олди.
«Wildberries учун Ўзбекистон ҳудудларидаги тадбиркорларга электрон тижорат соҳасида ўз бизнесини ривожлантиришда ёрдам бериш муҳим. Бундай амалий семинарлар маркетплейсда ишлаш бўйича амалий билимларга эга бўлиш, савдони йўлга қўйишнинг асосий босқичлари ва кейинги ўсиш учун зарур воситаларни тушуниш имконини беради.
Биз Фарғона вилояти тадбиркорлари томонидан катта қизиқиш билдирилаётганини кўриб турибмиз ва бу йўлда уларни қўллаб-қувватлашга тайёрмиз», — деди Wildberries’нинг Ўзбекистондаги директори Акмал Примқулов.
Амалий семинарнинг фахрий меҳмони Россия Федерацияси Иқтисодий тараққиёт вазирлигининг МДҲ давлатлари билан иқтисодий ҳамкорлик департаменти директори ўринбосари Всеволод Вовченко бўлди.
У ўз нутқида PRO WB бизнесни ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш марказининг фаолиятига тўхталиб, унинг кўмагида Ўзбекистонда 5 мингдан ортиқ тадбиркор электрон тижорат соҳасида амалий ва назарий билимларга эга бўлганини таъкидлади.
Унинг сўзларига кўра, бундай ташаббуслар кичик ва ўрта бизнесни ривожлантиришга кўмаклашади ҳамда ҳудудлардаги тадбиркорлар учун имкониятларни кенгайтиради.
Тадбир якунида иштирокчилар Wildberries вакилларига саволлар бериб, платформада ишлаш бўйича тавсиялар олиш имконига эга бўлди.
Россия-Ўзбекистон форуми Россия Федерацияси Иқтисодий тараққиёт вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги иштирокида ўтказилди.