Иқтисод

JBIC транспорт соҳасидаги икки лойиҳани молиялаштиришни режалаштирмоқда

JBIC транспорт соҳасидаги икки лойиҳани молиялаштиришни режалаштирмоқда
JBIC транспорт соҳасидаги икки лойиҳани молиялаштиришни режалаштирмоқда / Фото: Ўзбекистон Транспорт вазирлиги матбуот хизмати.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон транспорт вазири Илҳом Маҳкамов 7 октябрь куни Япония Халқаро ҳамкорлик банки (JBIC) делегацияси билан учрашди. Делегацияга банкнинг катта бошқарув директори, директорлар кенгаши аъзоси Хироки Сэкине бошчилик қилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Транспорт вазирлиги хабар берди.

Томонлар транспорт соҳасида амалга оширилаётган лойиҳалар доирасида ҳамкорликни янада ривожлантириш масалаларини муҳокама қилди.

Хироки Сэкине Япония банкининг Ўзбекистондаги лойиҳаларда иштирок этишга қизиқиши ортиб бораётганини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, яқин уч йил давомида JBIC республикадаги 14 та лойиҳани молиялаштиришда иштирок этишни режалаштирмоқда. Уларнинг иккитаси транспорт соҳасига тааллуқли.

Учрашув давомида «Ўзаэронавигация» ДУК эҳтиёжлари учун ҳаво ҳаракатини бошқариш тизимларини етказиб бериш» ҳамда «Тошкент янги халқаро аэропортини қуриш» лойиҳаларининг жорий ҳолати батафсил кўриб чиқилди.

Мазкур лойиҳаларни амалга ошириш учун JBIC маблағларини жалб қилиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Музокаралар якунида томонлар транспорт соҳасидаги қўшма лойиҳаларни амалга оширишни жадаллаштириш ҳамда истиқболли ташаббуслар доирасида ўзаро манфаатли ҳамкорликни давом эттиришга келишиб олди.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.