Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Малайзиянинг Пэрлис штати делегацияси валиаҳд шаҳзода Туанку Саед Файзуддин Путра бошчилигида Тошкент вилоятига расмий ташрифи доирасида Бўстонлиқ туманининг туристик салоҳияти билан танишди.
Меҳмонлар «Чорвоқ дарвозаси» туристик мажмуасига ташриф буюриб, объектнинг ўзига хос хусусиятлари ҳамда уни ўраб турган табиий ландшафтлар ҳақида маълумот олди. Бу ҳақда Тошкент вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.
Шундан сўнг делегация Чимган ҳудудидаги меҳмонхона мажмуасида бўлиб, сайёҳларни қабул қилиш учун яратилган шароитлар билан танишди.
Дастурнинг кейинги манзили «Амирсой» тоғ-чанғи курорти бўлди. Бу ерда Пэрлис валиаҳд шаҳзодаси Туанку Саед Файзуддин Путранинг Тошкент вилояти ҳокими Зоир Мирзаев билан учрашуви бўлиб ўтди.
Томонлар Тошкент вилояти ва Пэрлис штати ўртасида туристик алоқаларни ривожлантириш, шунингдек, туристик салоҳиятдан янада самарали фойдаланиш имкониятларини муҳокама қилди. Ҳамкорликни янада ривожлантиришнинг истиқболли йўналишларига алоҳида эътибор қаратилди.
Ташриф якунида Малайзия делегацияси учун Тошкент вилояти Маданият бошқармаси вакилларининг чиқиши ташкил этилди. Меҳмонларга миллий куй-қўшиқлар тақдим этилди.
Дастур якунланганидан сўнг Пэрлис валиаҳд шаҳзодаси бошчилигидаги делегацияни вилоят идоралари вакиллари кузатиб қўйди.