Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Президенти Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева Aman Group ва Capital Group вакиллари билан учрашув ўтказиб, унда Бухорода туризмни ривожлантириш масалаларини муҳокама қилди. Бу ҳақда Саида Мирзиёеванинг хабарида маълум қилинди.
Учрашувда Aman Group раиси Владислав Доронин ва Capital Group директорлар кенгаши раиси Павел Тё иштирок этди.
Томонлар Бухорода туризм йўналишини ривожлантириш истиқболлари, шунингдек, халқаро меҳмонхона ва курорт брендлари билан ҳамкорлик қилиш имкониятлари юзасидан фикр алмашди.
Саида Мирзиёева Ўзбекистон тарихий меросни асраб-авайлашга эътибор қаратадиган халқаро компаниялар билан ҳамкорлик қилишга очиқ эканини таъкидлади.
Унинг сўзларига кўра, бундай ташаббуслар мамлакатнинг туристик салоҳиятини янада кенгроқ намоён этишга хизмат қилиши мумкин.