Миллий статистика қўмитаси 2017–2025-йиллар учун ялпи ички маҳсулотнинг йиллик ва чораклик кўрсаткичларини қайта ҳисоблади. Қайта ҳисоблаш БМТ Миллий ҳисоблар тизими стандартлари асосида ўтказилди. Унда аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш натижалари ҳамда корхоналарнинг янгиланган ҳисоботлари инобатга олинди.
Янги маълумотларга кўра, 2025-йилги ЯИМ аввалги 1 849,7 трлн сўм (147 млрд доллар) ўрнига 2 126,8 трлн сўмни (169 млрд доллар) ташкил этди. Фарқ 277,1 трлн сўм ёки 15,0% ни ташкил қилди. Аҳоли жон бошига ЯИМ 3 881 доллардан 4 373 долларгача қайта кўриб чиқилди.
Номинал ЯИМнинг қайта баҳоланиши қўшимча реал ўсишни англатмайди. 2017-йилдан бошлаб бутун қатор қайта ҳисобланган. Шу сабабли 2025-йилги реал ўсиш суръати 7,7% дан 7,8% гача ўзгарди.
Фарқнинг ярмидан кўпи (57,9%) корхоналар бўйича янгиланган маълумотлар ҳисобига тўғри келди. Қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш 29,0% ни, аҳолини рўйхатга олиш эса 13,1% ни берди. Тармоқлар кесимида ўсишнинг ярми хизматлар соҳасига тўғри келди. Ялпи ҳудудий маҳсулот барча ҳудудларда ўсди: Навоий вилоятида +7,6% дан Самарқанд вилоятида +22,4% гача.