Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 2027 йилда Тошкент туркий дунёнинг туристик пойтахтига айланади. Мазкур мақомнинг рамзий калити 7 ноябрь куни Истанбулда бўлиб ўтган маросимда Ўзбекистон Туризм қўмитаси раиси Абдулазиз Аккуловга топширилди.
Калитни топшириш маросими VI Халқаро «Қўрқут ота» туркий дунё кинофестивалининг ёпилиш ва тақдирлаш тадбирлари доирасида бўлиб ўтди. Туркия маданият ва туризм вазири Меҳмет Нури Эрсой 2026 йилда туркий дунёнинг туристик пойтахти мақомига эга бўлган Анқаранинг рамзий калитини ўзбек томонига топширди.
Меҳмет Нури Эрсой Ўзбекистоннинг тарихий-маданий мероси, анъаналари ва туристик салоҳиятини алоҳида таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, янги мақом туркий давлатлар ўртасидаги туристик алоқаларни ривожлантириш учун қўшимча имкониятлар яратади.
Абдулазиз Аккулов фестиваль иштирокчиларини табриклаб, туркий мамлакатлар вакилларини келгуси йили Тошкентга ташриф буюришга таклиф қилди.
Шунингдек, у кинематографчиларга Ўзбекистонга келиш ва ўз ижодий ишлари орқали мамлакатнинг тарихий шаҳарлари, табиати ҳамда маданий меросини халқаро аудиторияга танитиш таклифини билдирди.