Туризм

Тошкент 2027 йилда туркий дунёнинг туристик пойтахти бўлади

Тошкент 2027 йилда туркий дунёнинг туристик пойтахти бўлади
Тошкент 2027 йилда туркий дунёнинг туристик пойтахти бўлади / Фото: Ўзбекистон Республикаси Туризм қўмитаси матбуот хизмати.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 2027 йилда Тошкент туркий дунёнинг туристик пойтахтига айланади. Мазкур мақомнинг рамзий калити 7 ноябрь куни Истанбулда бўлиб ўтган маросимда Ўзбекистон Туризм қўмитаси раиси Абдулазиз Аккуловга топширилди.

Калитни топшириш маросими VI Халқаро «Қўрқут ота» туркий дунё кинофестивалининг ёпилиш ва тақдирлаш тадбирлари доирасида бўлиб ўтди. Туркия маданият ва туризм вазири Меҳмет Нури Эрсой 2026 йилда туркий дунёнинг туристик пойтахти мақомига эга бўлган Анқаранинг рамзий калитини ўзбек томонига топширди.

Меҳмет Нури Эрсой Ўзбекистоннинг тарихий-маданий мероси, анъаналари ва туристик салоҳиятини алоҳида таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, янги мақом туркий давлатлар ўртасидаги туристик алоқаларни ривожлантириш учун қўшимча имкониятлар яратади.

Абдулазиз Аккулов фестиваль иштирокчиларини табриклаб, туркий мамлакатлар вакилларини келгуси йили Тошкентга ташриф буюришга таклиф қилди.

Шунингдек, у кинематографчиларга Ўзбекистонга келиш ва ўз ижодий ишлари орқали мамлакатнинг тарихий шаҳарлари, табиати ҳамда маданий меросини халқаро аудиторияга танитиш таклифини билдирди.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.