Туризм

Ўзбекистонда Uzbek Gift Contest танлови давом этмоқда: ғолибларга 20 млн сўмдан берилади

Ўзбекистонда Uzbek Gift Contest танлови давом этмоқда: ғолибларга 20 млн сўмдан берилади
Ўзбекистонда Uzbek Gift Contest танлови давом этмоқда: ғолибларга 20 млн сўмдан берилади / Фото: UzDaily.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — «Uzbek Gift Contest» танловининг иккинчи босқичи учун аризалар қабул қилиш давом этмоқда. Танлов Ўзбекистон Республикаси Туризм қўмитаси, «Ҳунарманд» уюшмаси ва Ўзбекистон Бадиий академияси ҳамкорлигида ташкил этилган.

Танловдан кўзланган мақсад миллий ҳунармандчилик маҳсулотларини замонавий туристик сувенирлар сифатида тарғиб қилиш, ҳудудлардаги усталарнинг ижодий салоҳиятини қўллаб-қувватлаш ҳамда сайёҳлар учун ихчам, сифатли ва ҳамёнбоп эсдалик буюмлари намуналарини яратишдан иборат.

Танловнинг иккинчи босқичи ҳунармандлар ўртасида ўтказилмоқда. Усталар биринчи босқичда ғолиб деб топилган 10 та эскиз ва дизайн асосида амалий санъатга оид сувенир маҳсулотларини яратишлари лозим.

Ҳунармандлар ўз йўналишидан келиб чиқиб, ижодий ёндашуви асосида буюмларнинг хомашёси, ранги ва бошқа хусусиятларини такомиллаштириш ҳуқуқига эга.

Иштирокчилар онлайн платформа орқали рўйхатдан ўтиб, жорий йилнинг 10 ноябрига қадар ўзларининг танлов учун тайёрлаган маҳсулотларини «Ҳунарманд» уюшмасининг ҳудудий бошқармаларига тақдим этишлари мумкин.

Якуний баҳолаш ҳакамлар ҳайъати томонидан амалга оширилади. Келиб тушган аризалар орасидан энг яхши 10 та маҳсулот ғолиб деб топилади. Уларнинг ҳар бирига 20 млн сўм миқдорида пул мукофоти берилади.

Бундан ташқари, Туризм қўмитаси ва «Ҳунарманд» уюшмаси ғолибларга маҳсулотларни онлайн маркетплейслар ва платформаларга олиб чиқишда кўмаклашади. Шунингдек, SMM, мақсадли реклама ва маркетингнинг бошқа йўналишлари бўйича зарур мутахассисларни уч ойгача жалб қилиш, уларнинг хизматлари ҳақи ва қўшимча харажатларини белгиланган тартибда қоплаш, янги маҳсулотларни тарғиб қилиш ҳамда экспорт бозорларига чиқишда ёрдам кўрсатилади.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.