Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон ва Япония туризм соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш, республика сайёҳлик салоҳиятини Япония бозорида тарғиб қилиш ҳамда сайёҳлар сонини ошириш масалаларини муҳокама қилди.
Учрашув Ўзбекистон элчихонасида Япония Туристик агентликлари ассоциацияси (JATA) раиси, Kaze Travel Co., Ltd. компанияси президенти Юдзи Хара билан бўлиб ўтди. Бу ҳақда «Дунё» ахборот агентлиги хабар берди.
Музокаралар давомида томонлар икки мамлакат туристик компаниялари ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш ва Японияда Ўзбекистоннинг туристик маҳсулотларини тарғиб қилиш имкониятларини кўриб чиқди.
Япония томони сайёҳларнинг Ўзбекистоннинг тарихий шаҳарлари, миллий маданияти ва гастрономик меросига қизиқиши юқори эканини таъкидлади. Шунингдек, 2026 йил июнь ойида Япония туристик компаниялари учун Ўзбекистонда ташкил этилган танишув саёҳати ҳам ижобий баҳоланди.
Учрашувда Tourism EXPO Japan халқаро туристик кўргазмасига алоҳида эътибор қаратилди. Унда Ўзбекистоннинг миллий туристик маҳсулотларини тақдим этиш ва республиканинг япон сайёҳлари учун жозибадорлигини ошириш имкониятлари муҳокама қилинди.
Яна бир муҳокама мавзуси икки мамлакат ўртасида тўғридан-тўғри авиақатновларни ривожлантириш бўлди. Томонлар бу йўналиш Япониядан келадиган сайёҳлар оқимини кўпайтиришда муҳим аҳамиятга эга эканини қайд этди. Шунингдек, туроператорлар ўртасида ишбилармонлик алоқаларини кенгайтириш ва касбий тажриба алмашиш масалалари юзасидан фикр алмашилди.
Япония Ўзбекистон туризм соҳаси учун истиқболли бозорлардан бири бўлиб қолмоқда. Келтирилган маълумотларга кўра, 2025 йилда республикага Япониянинг қарийб 32 минг нафар фуқароси ташриф буюрган. 2026 йил январь–сентябрь ойларида эса япон сайёҳлари сони 36 минг нафардан ошган. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 53,3 фоизга кўп.
Учрашув якунида томонлар туристик алоқаларни янада ривожлантириш ҳамда Япония жамоатчилигини Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қилиш имкониятлари ҳақида кенгроқ хабардор қилишдан манфаатдор эканини тасдиқлади.