Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Наманган вилояти ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов бошчилигидаги делегация Parmigiano Reggiano DOP пишлоғини ишлаб чиқаришга ихтисослашган Италиянинг Antica Fattoria Caseificio Scalabrini компаниясига ташриф буюрди.
Ҳудуд вакиллари маҳсулот ишлаб чиқариш технологиялари, унинг сифатига қўйиладиган талаблар ва сақлаш шароитлари билан танишди. Бу ҳақда Наманган вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.
Ташриф давомида делегация аъзолари корхонада қўлланиладиган анъанавий пишлоқ тайёрлаш усулларини ўрганди, шунингдек, маҳсулот узоқ муддат сақланиб, етиладиган махсус омборларни кўздан кечирди.
Наманган вилояти вакилларига пишлоқнинг етилиш босқичлари ва ишлаб чиқариш жараёнини ташкил этиш хусусиятлари ҳақида маълумот берилди. Сут маҳсулотлари ишлаб чиқариш соҳасидаги Италия тажрибаси ва сифат стандартларига риоя этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Ташриф делегацияга Италия ишлаб чиқарувчиларининг пишлоқ маҳсулотларини тайёрлаш ва сақлаш бўйича амалий ёндашувлари билан танишиш имконини берди.