Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Наманган вилояти Италиянинг Gamma Meccanica компанияси билан 105 млн долларлик инвестиция келишувини имзолади.
Ҳужжат вилоят ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов бошчилигидаги делегациянинг Италияга амалий ташрифи давомида корхона раҳбарияти билан ўтказилган музокаралар якунлари бўйича тузилди. Бу ҳақда Наманган вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.
Ташриф доирасида делегация саноат ускуналари ишлаб чиқаришга ихтисослашган Gamma Meccanica компаниясининг ишлаб чиқариш қувватлари ва технологиялари билан танишди.
Компания 1977 йилда ташкил этилган. Унинг бош қароргоҳи ва асосий ишлаб чиқариш корхонаси Эмилия-Романья минтақасидаги Биббиано шаҳрида жойлашган. Gamma Meccanica биноларни иссиқликдан изоляция қилишда қўлланиладиган минерал пахта ва XPS панелларини ишлаб чиқариш учун технологик линиялар, шунингдек, пластик чиқиндиларни қайта ишлаш ускуналарини ишлаб чиқаради.
Компания президенти Андреа Бурини билан учрашувда томонлар Наманган вилоятида саноат ишлаб чиқаришини ривожлантириш, энергия тежамкор технологияларни жорий этиш ва пластик чиқиндиларни қайта ишлаш соҳасида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш истиқболларини муҳокама қилди.
Инвестициявий ҳамкорлик ва компания технологияларини вилоят саноат секторида қўллаш имкониятларига алоҳида эътибор қаратилди.
Музокаралар якунлари бўйича томонлар 105 млн долларлик инвестиция келишувини имзолади. Хабарда лойиҳани амалга ошириш муддатлари, унинг ишлаб чиқариш кўрсаткичлари ва инвестицияларни тақсимлаш тафсилотлари келтирилмаган.