Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Фарғона вилоятининг Қўқон шаҳрида жойлашган «Мандалаки уйи» меъморий ёдгорлигини реставрация қилиш ишларини 2027 йилда бошлаш режалаштирилмоқда. Ишлар республика бюджети маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади. Бу ҳақда Маданий мерос агентлиги хабар берди.
Бино 1903 йилда қурилган бўлиб, Ўзбекистоннинг тарихий-меъморий меросини акс эттирувчи объектлардан бири ҳисобланади.
«Мандалаки уйи» Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 4 октябрдаги 846-сон қарори билан моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари Миллий рўйхатига киритилган.
Объект давлат мулки ҳисобланади ва Фарғона вилояти Маданий мерос бошқармасига оператив бошқарув ҳуқуқи асосида бириктирилган.
Маданий мерос агентлиги маълумотига кўра, реставрация ишлари бинонинг тарихий меъморий қиёфасини сақлаб қолиш, конструктив мустаҳкамлигини таъминлаш ҳамда унинг тарихий қадриятини келажак авлодларга етказишга қаратилган.
Идора шунингдек, фуқароларни интернетда тарқатилаётган асоссиз хабарларга ишонмасликка чақирди.