Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Тошкентда 1 ноябрдан бошлаб жамоат транспорти учун ажратилган йўлакларда ҳаракатланиш қоидаларига риоя этилиши устидан назоратни кучайтириш режалаштирилмоқда.
Қоидабузарликларни аниқлаш мақсадида шаҳар хизматлари мунтазам рейдлар ўтказади, автобуслар эса видеорегистраторлар билан жиҳозланади.
Тошкент шаҳар халқ депутатлари Кенгаши қарорига мувофиқ, тегишли топшириқлар Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси, транспорт идоралари ва «Тошшаҳартрансхизмат»га берилган.
Рейд тадбирлари жамоат транспорти учун мўлжалланган йўлакларда енгил автомобилларнинг ноқонуний ҳаракатланиши ва тўхташ ҳолатларига чек қўйишга қаратилган.
Рейдлардан ташқари, ҳокимият қоидабузарликларни автоматик тарзда видео қайд этиш тизимини жорий этишни ҳам режалаштирмоқда. 15 декабрга қадар автобусларнинг олд қисмига видеорегистраторлар ўрнатилади. Камералар ҳаракат жараёнида қоидабузарликларни қайд этади.
Шунингдек, видеорегистраторларни Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармасининг (ЙҲХБ) ягона базаси билан интеграция қилиш ҳам назарда тутилган.