Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистонда Google Pay тўлов хизмати ишга туширилди. Энди хорижлик сайёҳлар смартфонлари орқали контактсиз тўловларни амалга оширишлари мумкин. Яқин кунларда Apple Pay хизматини ҳам ишга тушириш кутилмоқда. Айни пайтда Марказий банк, тижорат банклари ҳамда HUMO ва Uzcard тўлов тизимлари уни жорий этиш бўйича техник ишларни олиб бормоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Туризм қўмитаси хабар берди.
Қўмита маълум қилишича, мазкур хизматларнинг ишга туширилиши хорижий сайёҳлар учун қулай шароит яратиш, жумладан, етакчи халқаро тўлов тизимларини миллий инфратузилмага интеграция қилиш бўйича ишлар давомидир. Асосий мақсад — сайёҳларга Ўзбекистонда ҳам ўзлари одатланган ва ишончли тўлов воситаларидан фойдаланиш имконини бериш.
Хитой ва Ҳиндистон бозорларига алоҳида эътибор қаратилмоқда, чунки ушбу мамлакатлардан келадиган сайёҳлар оқими сезиларли даражада ошиши кутилмоқда. Шу мақсадда Alipay+ ва NPCI International тўлов тизимлари билан интеграция қилиш ишлари олиб борилмоқда. Август ойида HUMO инфратузилмасида Alipay+ тўлов шлюзи ишга туширилди. Энди Alipay фойдаланувчилари ва унга уланган электрон ҳамёнлар эгалари, биринчи навбатда, хитойлик сайёҳлар Ўзбекистонда UZQR орқали тўловларни амалга оширишлари мумкин.
Яқинда Ҳиндистоннинг Мумбай шаҳрида бўлиб ўтган Global Fintech Fest 2026 форумида HUMO ва Ҳиндистоннинг NPCI International компаниялари раҳбарияти чегаралараро QR-тўловлар бўйича келишувни амалга ошириш масалаларини муҳокама қилди. Лойиҳа UZQR тизимини Ҳиндистоннинг UPI тўлов тизими билан бирлаштиради. Бу ҳиндистонлик сайёҳларга ўзлари одатланган иловалар орқали QR-кодларни сканерлаш ва Ўзбекистонда товар ҳамда хизматлар учун ҳақ тўлаш имконини беради.
Туризм қўмитаси баҳолашича, ушбу чоралар хорижий меҳмонларнинг нақд пул ва халқаро банк карталарига бўлган эҳтиёжини камайтиради, Ўзбекистонни саёҳат учун янада очиқ ва қулай манзилга айлантиради ҳамда мамлакатнинг сайёҳлик салоҳиятини тўлиқроқ намоён этишга хизмат қилади.