Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Google Pay тўлов хизмати 2026 йил 19 октябрда Ўзбекистонда ишга туширилганини эълон қилди. Google Cloud компаниясининг давлат органлари билан алоқалар бўйича директори Марчин Красуски Марказий Осиё мамлакатлари ва АҚШ иштирокидаги C5+1 форматидаги тадбирлар доирасида хизматнинг Ўзбекистон бозорига кириб келганини маълум қилди. Ўзбекистон, шунингдек, хизмат мавжуд бўлган мамлакатларнинг расмий рўйхатига киритилди.
Бироқ хизматнинг ишга туширилиши фойдаланувчилар Ўзбекистондаги барча банкларнинг карталарини дарҳол улашлари мумкинлигини англатмайди. Ҳар бир молиявий ташкилот ўз карталари учун Google Pay хизматини қўллаб-қувватлашни мустақил равишда таъминлаши керак. Шу сабабли дастлабки босқичда хизматдан фойдаланиш имконияти картани чиқарган банкка боғлиқ бўлади, бошқа банклар эса унга кейинроқ уланиши мумкин.
Google Wallet ва Google Pay хизматлари ишга туширилгани ҳақидаги эълон Самарқандда АҚШ Давлат котиби Марко Рубио раҳбарлигида ўтказилган C5+1 форматидаги ташқи ишлар вазирлари саммити доирасида янгради. Тадбирларда АҚШнинг 100 дан ортиқ компанияси вакилларидан иборат делегация ҳам иштирок этди.
Google Wallet ва Google Pay рақамли тўловларни соддалаштиришга мўлжалланган. Android ва Wear OS операцион тизимлари асосида ишлайдиган қурилмалар фойдаланувчилари ҳамкор банклар ва тўлов тизимларининг қўллаб-қувватланадиган карталарини иловага қўшиб, дўконларда, иловаларда ва веб-сайтларда харидлар учун тўловни амалга оширишлари мумкин.
Контактсиз тўловни амалга ошириш учун банк картасини Google Wallet иловасига қўшиш керак. Агар смартфон NFC технологиясини қўллаб-қувватласа, қурилмани контактсиз тўлов терминалига яқинлаштириш орқали харид учун ҳақ тўлаш мумкин. Хизмат, шунингдек, веб-сайтлар ва иловаларда карта маълумотларини ҳар сафар қайта киритмасдан товар ва хизматлар ҳақини тўлаш имконини беради.
Тўлов воситаларидан ташқари, Google Wallet рақамли ҳужжатлар ва кундалик фойдаланиш учун зарур бошқа маълумотларни, жумладан, бонус карталари, чипталар ва самолётга чиқиш талонларини сақлаш имконини ҳам беради. Google маълум қилишича, фойдаланувчиларнинг молиявий маълумотлари хавфсизлигини таъминлаш учун хизмат кўп босқичли ҳимоя тизими ва соҳада қўлланиладиган шифрлаш технологияларидан фойдаланади.
Рақамли тўлов хизматларининг ишга туширилиши Ўзбекистонда молиявий технологияларни ривожлантириш йўлидаги қадамлардан бири сифатида баҳоланмоқда. Бу, шунингдек, мамлакатнинг 2030 йилга қадар нақд пулсиз тўловлар улушини 75 фоизга етказиш мақсадига мос келади. Хизматни ишга тушириш ҳақидаги хабарда уни жорий этиш шахсий маълумотлар тўғрисидаги қонунчиликни ислоҳ қилиш ва меъёрий-ҳуқуқий базани халқаро стандартларга мувофиқлаштиришга қаратилган чора-тадбирлар туфайли мумкин бўлгани қайд этилган.
«Google Wallet ва Google Pay хизматларининг ишга туширилиши Ўзбекистоннинг рақамли трансформациясини жадаллаштиришга, нақд пулсиз келажак сари ҳаракатланиш жараёнида узлуксиз ва хавфсиз рақамли тўловларни таъминлашга хизмат қилади», — деди Google Pay ва Wallet’нинг Европа, Яқин Шарқ ва Африка минтақасидаги ҳамкорлик йўналиши раҳбари Дмитрий Стиран.
АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Жонатан Ҳеник ҳам ушбу хизматларнинг Ўзбекистон бозорида пайдо бўлганини олқишлади. Унинг сўзларига кўра, бу икки мамлакат ўртасидаги иқтисодий ҳамкорлик мустаҳкамланаётганини акс эттиради ва Америка ҳамда Ўзбекистон бизнеси учун янги имкониятлар очади.
Компания хабарига кўра, Google Wallet иловасини яқин ҳафталар ичида Google Play орқали юклаб олиш имконияти пайдо бўлиши кутилмоқда. Тўлов функцияларидан амалда фойдаланиш имконияти эса муайян банкнинг хизматни қўллаб-қувватлаши ва банк картасининг мослигига боғлиқ бўлади.