Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Таиланд Ўзбекистон, Колумбия ва Мексика фуқаролари учун 15 кунлик визасиз режим жорий этиш имкониятини кўриб чиқмоқда. Ушбу таклифни 9 ноябрь куни Виза сиёсати бўйича қўмита йиғилишига киритиш режалаштирилган. Бу ҳақда The Nation Thailand нашри хабар берди.
Таиланд туризм ва спорт вазири Сурасак Панчароенворакулнинг маълум қилишича, қўмита мазкур ташаббуснинг мамлакат хавфсизлиги ва иқтисодиётига эҳтимолий таъсирини баҳолайди. Вазирлик хавфсизлик нуқтаи назаридан паст хавфли деб ҳисобланган мамлакатлардан келувчи сайёҳлар учун визасиз кириш имкониятларини кенгайтиришни режалаштирмоқда.
Таиланд Туризм бошқармасининг Европа, Америка, Яқин Шарқ ва Африкадаги халқаро маркетинг бўйича раҳбар ўринбосари Чираванди Кхунсуб айрим йўналишларда мамлакатга кириш билан боғлиқ жиддий қийинчиликлар сақланиб қолаётганини таъкидлади.
Хусусан, хабарда қайд этилишича, Ўзбекистон фуқаролари аввал электрон виза расмийлаштиришнинг мураккаб тартибига дуч келган. Маълум қилинишича, бу жараён Таиланднинг Россиядаги элчихонаси орқали амалга оширилган. Бюрократик тўсиқлар туфайли маҳаллий сайёҳлик агентликлари Таиландга турпакетлар сотишдан воз кечиб, Вьетнам каби муқобил йўналишларга эътибор қарата бошлаган.
Аввалроқ Таиланд Ўзбекистон фуқаролари учун визасиз режимни бекор қилган эди. 15 сентябрдан бошлаб ўзбекистонликлар мамлакатга сафар қилиш учун визани олдиндан расмийлаштиришлари керак.
15 кунлик визасиз киришни жорий этиш тўғрисидаги таклиф ҳозирча кўриб чиқиш босқичида. Якуний қарор Виза сиёсати бўйича қўмита баҳолаши натижаларига боғлиқ. Янги режим кучга кириши мумкин бўлган сана ҳозирча маълум қилинмаган.