Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Туризм қўмитаси раисининг ўринбосари Суҳробжон Бобокалонов Франция Европа ва ташқи ишлар вазирининг барқарор шаҳарлар ва транспорт масалалари бўйича махсус вакили Жерар Вольф билан учрашув ўтказди. Бу ҳақда Ўзбекистон Туризм қўмитаси хабар берди.
Томонлар туризм соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш, жумладан, тоғ туризмини ривожлантириш масалаларини муҳокама қилди. Учрашувда Франциянинг Ўзбекистондаги элчиси Уалид Фук ҳам иштирок этди.
Учрашув иштирокчилари маданий мерос объектларининг туристик салоҳиятидан самарали фойдаланиш, туристик инфратузилмани ривожлантириш ва соҳа учун малакали кадрлар тайёрлаш масалаларини кўриб чиқди.
Ўзбекистон томони туризм соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, хорижий сайёҳлар оқимини кўпайтириш чоралари ҳамда ҳудудларнинг туристик салоҳиятидан фойдаланиш борасидаги ишлар ҳақида маълумот берди.
Жерар Вольф икки томонлама ҳамкорлик учун кенг имкониятлар мавжудлигини таъкидлади. У туризмнинг иқтисодиётдаги улушини ошириш, маданий мерос объектларининг жозибадорлигини кучайтириш, шунингдек, туризм ва меҳмондўстлик соҳалари учун кадрлар тайёрлаш бўйича Франция тажрибасини ўрганишни таклиф қилди.
Wilmotte & Associés Architectes архитектура компанияси бош директори Б. Андрие туризм ва меҳмондўстлик соҳаларида таълим дастурларини ишлаб чиқиш ҳамда Ўзбекистон туристик инфратузилмасини такомиллаштиришга қизиқиш билдирди. Компания билан шаҳарсозлик соҳасида ҳам музокаралар олиб борилмоқда.
Учрашув давомида тоғ туризмини ривожлантириш масаласи ҳам муҳокама қилинди. Томонларга Франциянинг MND компанияси томонидан «Чимган туристик зонаси» лойиҳаси доирасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди. Шунингдек, кейинги босқичда POMA компанияси билан ҳамкорликда «Uzbek-Courchevel» лойиҳасини амалга ошириш режалари кўриб чиқилди.
Учрашув якунида томонлар туристик хизматларни диверсификация қилиш, маданий мерос объектларининг салоҳиятини ошириш, кадрлар тайёрлаш ҳамда туристик инфратузилма ва архитектура соҳаларидаги ҳамкорликни ривожлантириш масалалари юзасидан фикр алмашди.