Ўзбекистон

Мирзиёев Туркий давлатлар ташкилоти саммитида иштирок этиш учун Туркияга боради

Мирзиёев Туркий давлатлар ташкилоти саммитида иштирок этиш учун Туркияга боради
Мирзиёев Туркий давлатлар ташкилоти саммитида иштирок этиш учун Туркияга боради / Фото: Ўзбекистон Республикаси Президенти матбуот хизмати.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдоғаннинг таклифига биноан 29–30 октябрь кунлари ишчи ташриф билан Туркияда бўлади.

Давлат раҳбари Анқара шаҳрида бўлиб ўтадиган Туркий давлатлар ташкилотининг (ТДТ) навбатдаги саммитида иштирок этади.

Учрашув «Туркий аср: тилда, фикрда ва амалда бирлик» мавзусида ўтказилади.

Саммит иштирокчилари ташкилот доирасида кўп томонлама ҳамкорликни янада ривожлантириш масалаларини муҳокама қилади.

Асосий эътибор савдо-иқтисодий алоқалар, инвестициялар, транспорт логистикаси, маданий-гуманитар ҳамкорлик, туризм, экология ва таълим соҳаларига қаратилади.

Делегациялар раҳбарлари халқаро ва минтақавий кун тартибидаги муҳим масалалар юзасидан ҳам фикр алмашади.

Учрашув якунлари бўйича Анқара декларацияси, шунингдек, ТДТга аъзо мамлакатлар ўртасидаги ўзаро манфаатли шерикликни чуқурлаштиришга қаратилган қатор қўшма қарорлар ва ҳужжатлар қабул қилиниши кутилмоқда.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.