Ўзбекистон

Остонада Марказий Осиё болалар омбудсманлари форуми бўлиб ўтди

Остонада Марказий Осиё болалар омбудсманлари форуми бўлиб ўтди
Остонада Марказий Осиё болалар омбудсманлари форуми бўлиб ўтди / Фото: Ўзбекистон болалар омбудсманларининг расмий Telegram канали.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 27 октябрь куни Остона шаҳрида Марказий Осиё мамлакатлари бола ҳуқуқлари бўйича вакилларининг II халқаро форуми бўлиб ўтди. Форум «Болалар овози: миллий стратегиялар ва хавфсиз рақамли муҳит» мавзусига бағишланди.

Иштирокчилар бола ҳуқуқларини таъминлаш бўйича миллий стратегиялар, болаларни ҳимоя қилиш механизмларини такомиллаштириш ва халқаро ҳамкорликни ривожлантириш масалаларини муҳокама қилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Олий Мажлисининг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили хабар берди.

Марказий Осиё болалар омбудсманлари ҳамкорлигининг минтақавий платформасини яратиш ташаббуси Ўзбекистонга тегишли. Биринчи форум Тошкент шаҳрида ўтказилган.

Тадбирда Марказий Осиё мамлакатлари, Хитой ва Япониянинг бола ҳуқуқлари бўйича вакиллари иштирок этди. Шунингдек, Европа болалар омбудсманлари тармоғи (ENOC), ЮНИСЕФ ва ЕХҲТ вакиллари, БМТ Бош котибининг болаларга нисбатан зўравонлик масалалари бўйича махсус вакили Нажат Маалла Мжид ҳам қатнашди.

Форумда болалар учун тенг имкониятлар яратиш, инклюзив муҳитни ривожлантириш, уларни рақамли макондаги таҳдидлардан ҳимоя қилиш ва психологик фаровонлигини таъминлаш масалалари кўриб чиқилди. Иштирокчилар болаларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш механизмлари, илғор тажрибалар алмашинуви ҳамда идоралараро ҳамкорликка алоҳида эътибор қаратди.

Ялпи мажлисда Олий Мажлиснинг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили Ўзбекистоннинг боланинг энг устун манфаатларини таъминлаш борасидаги тажрибаси ҳақида сўзлаб берди.

Унинг таъкидлашича, бу давлатнинг узоқ муддатли стратегик вазифасидир. Сўнгги беш йилда Ўзбекистонда бола ҳуқуқларига оид асосий қонунлар қабул қилинди, ихтисослаштирилган органлар ташкил этилди ва болаларни ижтимоий ҳимоя қилишнинг янги шакллари жорий қилинди.

Идора маълумотларига кўра, форум иштирокчилари Ўзбекистон тажрибасига юқори баҳо берди.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.