Ўзбекистон

Ўзбекистон ва Қирғизистон соғлиқни сақлаш соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтиришга келишиб олди

Ўзбекистон ва Қирғизистон соғлиқни сақлаш соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтиришга келишиб олди
Ўзбекистон ва Қирғизистон соғлиқни сақлаш соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтиришга келишиб олди / Фото: видеодан лавҳа.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Самарқандда «Болалар фаровонлигига инвестициялар» жаҳон саммити доирасида Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазири Элдор Адилов Қирғиз Республикаси соғлиқни сақлаш вазири Дамирбек Осмонов билан учрашди. Томонлар ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Таъкидланишича, сўнгги йилларда икки мамлакат ўртасида тиббий ёрдам, санитария-эпидемиологик осойишталикни таъминлаш, кадрлар тайёрлаш ва фармацевтика соҳаларида бир қатор қўшма ташаббуслар амалга оширилмоқда.

Ўзбекистон кўмагида Бишкек шаҳрида 174 ўринга мўлжалланган, Чўй вилоятида эса 66 ўринли юқумли касалликлар шифохоналари қурилган.

Бундан ташқари, Қирғизистонга 20 та тез тиббий ёрдам автомобили беғараз топширилган.

Учрашувда мутахассисларни тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш, илмий-амалий ҳамкорликни кенгайтириш, даволашнинг илғор технологияларини жорий этиш ҳамда соҳага рақамли технологияларни татбиқ қилиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Элдор Адилов икки томонлама ҳамкорликни янада ривожлантиришнинг устувор йўналишларини белгилаш ва бунинг учун алоҳида «йўл харитаси»ни ишлаб чиқишни таклиф қилди.

Учрашув якунларига кўра, томонлар тиббиёт кадрларини тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш, диагностика ва даволашнинг замонавий технологияларини жорий этиш, бирламчи тиббий-санитария ёрдамини ривожлантириш ҳамда рақамли технологияларни татбиқ этиш соҳаларида ҳамкорликни кенгайтиришдан манфаатдор эканликларини билдирдилар.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.