Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 21 октябрдан Тошкент — Андижон — Тошкент йўналишидаги 732/731-сонли йўловчи поезди ўрнига замонавий CRRC-Dalian электропоезди қатнай бошлади.
«Ўзтемирйўлйўловчи» АЖ матбуот хизмати хабар беришича, поезд иқтисодий тоифадаги бешта вагондан иборат бўлиб, 415 нафар йўловчига мўлжалланган.
732-сонли поезд Тошкент йўловчи вокзалидан соат 18:40 да жўнаб кетади ва Андижон-1 вокзалига соат 23:12 да етиб боради. Қайтиш йўналишидаги 731-сонли поезд эса 22 октябрдан бошлаб Андижондан соат 07:20 да жўнаб, Тошкентга соат 12:12 да етиб келади. Поездлар аввалги кунларда қатновни давом эттиради.
Электропоезд ҳар ҳафта техник кўрикдан ўтказилиши муносабати билан 26 октябрдан бошлаб душанба кунлари Тошкент — Андижон — Тошкент йўналишидаги 730/729-сонли поезд қатнови бекор қилинади.
Бундан ташқари, Андижонни бошқа шаҳарлар билан боғловчи қатор поездларнинг ҳаракат жадвали ҳам ўзгаради. 21 октябрдан бошлаб 125/126-сонли Андижон — Хива/Урганч, 129/130-сонли Андижон — Термиз, 127/128-сонли Андижон — Қўнғирот поездлари, шунингдек, 6312, 7091, 7093 ва 7094-сонли шаҳар атрофи поездлари учун янги жадвал жорий этилади.
22 октябрдан 95/97-сонли Андижон — Тошкент поездининг, 24 октябрдан эса 93-сонли Андижон — Тошкент ва 98/94-сонли Тошкент — Андижон поездларининг ҳаракат жадвали ўзгаради.
25 октябрдан 734/92-сонли Тошкент — Андижон поезди учун янги жадвал амал қила бошлайди. 26 октябрдан 733-сонли Андижон — Тошкент поездининг, 27 октябрдан эса 91-сонли Андижон — Тошкент поездининг ҳаракат жадвали янгиланади.
20 октябрь куни Термиздан жўнаб кетган 130/129-сонли Термиз — Андижон поездининг Тошкент-Жанубий — Андижон участкасидаги янги ҳаракат жадвали 21 октябрдан амал қилади.
Йўловчиларга сафарни режалаштиришда ушбу ўзгаришларни ҳисобга олиш ва поездларнинг жўнаш вақтини олдиндан аниқлаш тавсия этилмоқда.