Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — «Ўзметкомбинат» акциядорлик жамияти ва China Construction Engineering Corporation (CSCEC) таркибига кирувчи Хитойнинг CSCEC International компанияси Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида жойлашган «Металлург» пансионатини замонавий дам олиш масканига айлантириш бўйича ҳамкорликни муҳокама қилди. Бу ҳақда «Ўзметкомбинат» АЖ хабар берди.
Музокаралар Ўзбекистонга CSCEC International директорлар кенгаши раиси Гао Бо бошчилигидаги делегация ташрифи давомида бўлиб ўтди.
Меҳмонлар комбинатга қарашли пансионатга ташриф буюриб, унинг инфратузилмаси, мавжуд имкониятлари ҳамда туризм ва дам олиш соҳасидаги салоҳияти билан танишди.
Томонлар ходимлар учун янада замонавий ва қулай дам олиш шароитларини яратиш, шунингдек, «Металлург»ни Бўстонлиқ туманидаги замонавий дам олиш масканларидан бирига айлантириш мақсадида ҳамкорликни йўлга қўйиш масалаларини муҳокама қилди.