Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Тошкент вилояти ҳокимлиги ва АҚШнинг Powerscape Global компанияси инвестициявий ҳамкорликни ривожлантириш ҳамда энергетика соҳасида янги саноат лойиҳаларини ишлаб чиқишни назарда тутувчи меморандумни имзолади.
Ҳужжат Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаевнинг Powerscape Global асосчиси ва бош директори Карл Мур билан учрашуви якунлари бўйича имзоланди.
Томонлар маҳаллий кўмирни чуқур қайта ишлаш орқали электр энергияси, ўғитлар ва ёқилғи ишлаб чиқариш, шунингдек, замонавий технологияларни жорий этиш имкониятларини муҳокама қилди.
Вилоят ҳокимлиги маълумотларига кўра, бундай ташаббусларни амалга ошириш энергетика ресурсларидан янада самарали фойдаланиш, ишлаб чиқариш имкониятларини кенгайтириш ва ҳудуд саноатини ривожлантиришга кўмаклашади.
Powerscape Global компанияси 2023 йилда АҚШда ташкил этилган. Компания кўмирни газлаштириш технологияларига ихтисослашган. Ушбу технологиялар электр энергияси ишлаб чиқариш, ўғитлар тайёрлаш учун хомашё олиш ва бошқа саноат маҳсулотларини ишлаб чиқаришда қўлланилади.
Лойиҳалар қиймати, инвестициялар ҳажми ва уларни амалга ошириш муддатлари ҳақида маълумот берилмаган.