Иқтисод

«Ўзбекгидроэнерго» LinkMaster Asia билан тўғонларни мониторинг қилиш масаласини муҳокама қилди

«Ўзбекгидроэнерго» LinkMaster Asia билан тўғонларни мониторинг қилиш масаласини муҳокама қилди
«Ўзбекгидроэнерго» LinkMaster Asia билан тўғонларни мониторинг қилиш масаласини муҳокама қилди / Фото: «Ўзбекгидроэнерго» АЖ.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — «Ўзбекгидроэнерго» акциядорлик жамияти LinkMaster Asia компанияси билан тўғонлар ва бошқа гидротехника иншоотларининг техник ҳолатини мониторинг қилиш технологияларини жорий этиш масаласини муҳокама қилди.

Учрашув 21 октябрь куни компаниянинг Вазиятлар марказида бўлиб ўтди. Унда бошқарув раисининг биринчи ўринбосари — бош муҳандис Бекзод Амирсаидов раҳбарлик қилди.

LinkMaster Asia вакиллари юк кўтарувчи конструкциялар ва инфратузилма объектларининг ҳолатини датчиклар ҳамда ўлчаш ускуналари ёрдамида назорат қилишга мўлжалланган ечимларни тақдим этди. Бундай тизимлар конструкциялардаги деформациялар, силжишлар, тебранишлар ва кучланишларни узлуксиз ёки даврий равишда кузатиш имконини беради.

Олинган маълумотлар иншоотларнинг техник ҳолатидаги ўзгаришларни ўз вақтида аниқлаш ва эҳтимолий хавфларнинг олдини олиш учун зарур чораларни кўришга ёрдам беради.

Музокараларда ушбу технологияларни гидроэнергетика объектларида қўллаш, уларнинг техник хусусиятлари ва амалдаги назорат тизимларига интеграция қилиш имкониятларига алоҳида эътибор қаратилди.

«Ўзбекгидроэнерго»да тўғонлар ва бошқа юқори даражадаги масъулият талаб этиладиган объектларни мониторинг қилиш муҳимлиги таъкидланди. Бунда минтақага хос сейсмик фаоллик ҳам ҳисобга олинади. Гидротехника иншоотларининг хавфсиз ва узлуксиз ишлашини таъминлаш соҳа устувор йўналишларидан бири бўлиб қолмоқда.

Замонавий мониторинг тизимларини жорий этиш инфратузилма ҳолатини баҳолаш самарадорлигини ошириш ва объектлардан хавфсиз фойдаланиш устидан назоратни кучайтириш имконини беради.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.