Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Хитой компанияси Ўзбекистон такси бозорига кириш, сафарларга буюртма бериш учун ўз мобил иловасини ишга тушириш ва 5 мингта автомобилни йўналишга чиқаришни режалаштирмоқда. Бу ҳақда 16 октябрь куни транспорт вазирининг биринчи ўринбосари Маманбий Омаров Spot нашрига берган интервьюсида маълум қилди.
«Бозорга 5 мингта автомобилни чиқариш ва ўз иловасини ишга туширишни режалаштираётган Хитой компанияси бор», — деди Омаров. Унинг аниқлик киритишича, гап яқин вақт ичида фаолиятини бошлашни режалаштираётган янги бозор иштирокчиси ҳақида кетмоқда.
Янги такси хизматининг бозорга кириш режалари амалдаги такси буюртма қилиш платформалари ишидаги узилишлар фонида муҳокама қилинмоқда. 11 октябрь куни Ўзбекистонда Yandex Go хизматида кенг кўламли техник носозлик юз берди. Бунинг оқибатида кўплаб фойдаланувчилар автомобил буюртма қила олмади ва ўз режаларини ўзгартиришга мажбур бўлди.
Носозликка Россиядаги компания маълумотлар марказининг фавқулодда тўхташи сабаб бўлган. Маълумотлар маркази дронлар ҳужуми оқибатида шикастланган. Ягона тақсимланган инфратузилмадан фойдаланилгани туфайли муаммолар «Яндекс»нинг бошқа мамлакатлардаги, жумладан, Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистондаги иловаларига ҳам таъсир кўрсатган.
Ушбу узилиш фонида фойдаланувчилар муқобил такси хизматларига кўпроқ мурожаат қила бошлади. Spot маълумотларига кўра, 11–13 октябрь кунлари Uklon хизматидаги буюртмалар сони таққосланадиган кунлардаги ўртача кўрсаткичларга нисбатан икки-уч бараварга ошган. MyTaxi хизматидан фойдаланиш бўйича буюртмалар сони эса 15 бараварга кўпайган.
Ҳозирча Хитой компаниясининг номи, хизматни ишга тушириш муддати ва сафарлар учун мўлжалланаётган тарифлар ошкор этилмаган.