Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Қозоғистон, Россия ва Ўзбекистон махсус хизматлари Афғонистондан гиёҳванд моддаларни «Шимолий йўналиш» деб аталувчи маршрут орқали контрабанда йўли билан олиб ўтиш каналини фош этди. Россиянинг Тюмень шаҳрида халқаро наркогуруҳнинг икки нафар гумон қилинган аъзоси қўлга олинди.
Операция Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитаси томонидан Россия ва Ўзбекистон махсус хизматлари билан ҳамкорликда ўтказилди.
Қўлга олинган шахсларнинг буюмлари ва ашёларини тинтув қилиш чоғида Афғонистондан келиб чиққан 30 килограмм гашиш мусодара қилинди. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар баҳосига кўра, ушбу моддалар партиясининг қора бозордаги қиймати тахминан 300 минг долларни ташкил этиши мумкин.
Мазкур ҳолат юзасидан Россиянинг ваколатли органлари томонидан терговга қадар текширув ва суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Гиёҳванд моддаларнинг халқаро миқёсда ноқонуний айланмасига қарши курашиш бўйича чора-тадбирлар давом этмоқда.