Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистонда ташқи рекламани жойлаштириш қоидалари ўзгартирилиб, тадбиркорлар учун талаблар соддалаштирилди. Тегишли ўзгартиришлар 2026 йил 13 октябрдаги 563-сонли Вазирлар Маҳкамаси қарорида назарда тутилган.
Асосий янгиликлардан бири пешлавҳаларга тааллуқли. Тадбиркор томонидан ўзи фойдаланаётган бино ёки иншоотнинг ташқи қисмига ёхуд кириш жойига жойлаштирилган компания номи, товар белгиси ва фаолият тури кўрсатилган ахборот энди ташқи реклама ҳисобланмайди. Бундай пешлавҳалар учун ташқи реклама паспортини расмийлаштириш талаб этилмайди.
Ҳужжатда реклама реклама объектига эътиборни жалб қилиш, унга нисбатан қизиқишни шакллантириш ёки сақлаб қолиш ҳамда тўғридан-тўғри ёки билвосита фойда олиш мақсадида уни бозорда илгари суришга қаратилган махсус ахборот сифатида таърифланган.
Юридик шахсларга тегишли автотранспорт воситаларида реклама жойлаштириш тартиби ҳам соддалаштирилди. Энди компаниялар ўз товар белгилари, фаолияти, маҳсулотлари ва хизматларини реклама қилиш учун Ягона интерактив давлат хизматлари портали — my.gov.uz орқали электрон хабарнома юборишлари мумкин.
Қарорда вақтинчалик рекламани жойлаштириш муддатлари ҳам белгиланган. Қурилиш объектларида бундай рекламани қурилиш ишлари тугаллангунига қадар жойлаштиришга рухсат берилади. Байрамлар ва тадбирларга бағишланган материаллар эса реклама конструкцияларида кўпи билан 30 кун давомида туриши мумкин.
Дизайн-кодга киритиладиган ўзгартишлар
Янги тартиб дизайн-кодга киритиладиган ўзгартишларни жамоатчилик муҳокамасидан ўтказишни назарда тутади. Ушбу ўзгартишлар расмий эълон қилинганидан уч ой ўтгач кучга киради.
Тошкент шаҳрининг дизайн-кодини тадбиркорлар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида 10 декабрга қадар муҳокама қилиш режалаштирилган.
Реклама конструкцияларини демонтаж қилиш бўйича янги талаблар
Ташқи реклама конструкцияларини мажбурий демонтаж қилиш қоидалари аниқлаштирилди. Ишларни амалга ошириш санаси ва вақти камида икки кун олдин эълон қилиниши, конструкция эгаси эса бўлажак демонтаж ҳақида ёзма равишда хабардор қилиниши керак.
Демонтаж ишларини фақат иш кунлари соат 09:00 дан 18:00 гача ўтказишга рухсат берилади. Ишлар якунлангач, реклама эгаси иштирокида тегишли далолатнома расмийлаштирилади.
Бундан ташқари, ташқи рекламани жойлаштириш устидан жамоатчилик назорати «Халқ назорати» электрон портали орқали амалга оширилади.