7
Иқтисод

Ўзбекистон ва ОТБ инфратузилмани модернизация қилиш ва сунъий интеллектни жорий этишни муҳокама қилди

Ўзбекистон ва ОТБ инфратузилмани модернизация қилиш ва сунъий интеллектни жорий этишни муҳокама қилди
Ўзбекистон ва ОТБ инфратузилмани модернизация қилиш ва сунъий интеллектни жорий этишни муҳокама қилди / Фото: Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги матбуот хизмати.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон ва Осиё тараққиёт банки (ОТБ) иқтисодий ўсишни қўллаб-қувватлаш, инфратузилмани модернизация қилиш ва замонавий технологияларни жорий этиш борасидаги ҳамкорликни кенгайтириш масалаларини муҳокама қилди.

Музокаралар 2026 йил 15 октябрь куни Бангкокда Халқаро валюта жамғармаси ва Жаҳон банкининг йиллик йиғилишлари доирасида Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари — иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров ҳамда ОТБ президенти Масато Канда ўртасида бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ўзбекистон Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг Ахборот хизмати ва коммуникациялар бошқармаси хабар берди.

Учрашувда ОТБ президентининг бош маслаҳатчиси Кэйитиро Инуи, Ўзбекистон Марказий банки раисининг ўринбосари Нодирбек Очилов, иқтисодиёт ва молия вазирининг маслаҳатчиси Жасур Қаршибоев ҳамда бошқа вакиллар ҳам иштирок этди.

Музокараларнинг асосий мавзуларидан бири иқтисодий таҳлил ва прогнозлашда сунъий интеллектдан фойдаланиш бўлди.

Томонлар маълумотларни бошқариш тизимларини такомиллаштириш, рақамли инфратузилмани ривожлантириш ва киберхавфсизлик даражасини ошириш имкониятларини кўриб чиқдилар. Шунингдек, ушбу йўналишларда ОТБнинг техник кўмагидан фойдаланиш ва халқаро экспертларни жалб этиш масалалари муҳокама қилинди.

Иштирокчилар электр энергиясини тақсимлаш тизимларини модернизация қилиш масаласига ҳам эътибор қаратдилар.

Учрашув доирасида тегишли лойиҳа бўйича келишув имзоланди. Лойиҳа подстанцияларни янгилаш, электр тармоқларининг ўтказувчанлик қобилиятини ошириш, рақамли бошқарув тизимларини жорий этиш ва электр таъминоти ишончлилигини кучайтиришни назарда тутади.

Музокаралар якунлари бўйича томонлар ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва белгиланган мақсадларга эришиш йўлида тизимли иш олиб боришга келишиб олдилар.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.