7
Иқтисод

Ўзбекистон ва ОИИБ йўллар ҳамда энергетикани ривожлантиришни муҳокама қилди

Ўзбекистон ва ОИИБ йўллар ҳамда энергетикани ривожлантиришни муҳокама қилди
Ўзбекистон ва ОИИБ йўллар ҳамда энергетикани ривожлантиришни муҳокама қилди / Фото: Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон ва Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки (ОИИБ) иқтисодий ўсишни қўллаб-қувватлаш ва тадбиркорликни ривожлантиришга қаратилган инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш истиқболларини муҳокама қилди.

Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари — иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоровнинг ОИИБ президенти Цзоу Цзяи билан учрашуви 2026 йил 15 октябрь куни Бангкокда Халқаро валюта жамғармаси ва Жаҳон банкининг йиллик йиғилишлари доирасида бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ўзбекистон Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг Ахборот хизмати ва коммуникациялар бошқармаси хабар берди.

Учрашувда, шунингдек, ОИИБнинг давлат сектори бўйича бош инвестиция директори Константин Лимитовский, Ўзбекистон Марказий банки раисининг ўринбосари Нодирбек Очилов, иқтисодиёт ва молия вазирининг маслаҳатчиси Жасур Қаршибоев ҳамда бошқа вакиллар иштирок этди.

Томонлар Ўзбекистондаги макроиқтисодий тенденциялар, иқтисодий ривожланишнинг устувор йўналишлари ва банк билан ҳамкорликни кенгайтириш имкониятларини кўриб чиқди.

Асосий эътибор транспорт ва энергетика инфратузилмасини ривожлантиришга қаратилди. Хусусан, автомобиль ва темир йўллари, логистика коридорлари, электр узатиш тармоқлари, сув таъминоти ҳамда рақамли инфратузилма масалалари муҳокама қилинди.

Музокара иштирокчиларининг фикрича, ушбу йўналишларни ривожлантириш транспорт боғлиқлигини яхшилаш, бизнес имкониятларини кенгайтириш ва юқори қўшилган қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқариш учун шароит яратиш имконини беради.

Томонлар давлат-хусусий шериклик механизмларидан фойдаланган ҳолда автомобиль йўлларини ривожлантириш, қишлоқ инфратузилмасини такомиллаштириш ва умумтаълим мактабларини модернизация қилиш истиқболларини ҳам алоҳида кўриб чиқди.

Учрашув якунида томонлар ҳамкорликни кенгайтириш, янги ташаббусларни ишлаб чиқиш ва муҳокама қилинган йўналишлар бўйича фикр алмашишни фаоллаштиришга келишиб олди.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.