Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов мамлакатда ишчи ташриф билан бўлиб турган БМТ Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) бош директори Суй Дунъюй билан учрашди.
Музокаралар «Денгизга чиқиш имконияти бўлмаган ривожланаётган мамлакатларда озиқ-овқат хавфсизлиги» халқаро форуми ҳамда Бутунжаҳон пахта кунига бағишланган халқаро конференция арафасида бўлиб ўтди. Ҳар икки тадбир 7–8 октябрь кунлари Тошкентда ўтказилади.
Томонлар глобал иқлим ўзгаришининг қишлоқ хўжалигига салбий таъсирини камайтириш ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш масалалари бўйича фикр алмашди. Шунингдек, алоҳида эътибор қаратишни талаб қиладиган аграр соҳанинг устувор йўналишлари кўриб чиқилди.
Учрашувда Ўзбекистон ва ФАО ҳамкорлиги доирасида амалга оширилган лойиҳалар самарадорлиги қайд этилди. Томонлар ҳамкорликни изчил ривожлантириш ва янги йўналишларда биргаликдаги ишларни давом эттиришга келишиб олди.
Халқаро форумда денгизга чиқиш имконияти бўлмаган ривожланаётган мамлакатларнинг юқори лавозимдаги вакиллари, халқаро молия ташкилотлари, илмий ҳамжамият вакиллари, хорижий экспертлар ҳамда хусусий сектор вакиллари иштирок этиши кутилмоқда.
Тадбирда озиқ-овқат хавфсизлигини мустаҳкамлаш ва қишлоқ хўжалигини иқлим ўзгаришига мослаштириш билан боғлиқ долзарб масалалар муҳокама қилинади.