Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон ва Жаҳон банки гуруҳи иқтисодий ўсиш, хусусий инвестицияларни жалб этиш ва янги иш ўринларини яратиш истиқболларини муҳокама қилди. Ушбу масалалар 16 октябрь куни Бангкокда Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари — иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоровнинг Жаҳон банки гуруҳи президенти Ажай Банга билан учрашувида кўриб чиқилди.
Музокаралар Халқаро валюта жамғармаси ва Жаҳон банкининг йиллик йиғилишлари доирасида бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ўзбекистон Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг Ахборот хизмати ва коммуникациялар бошқармаси хабар берди.
Музокараларда Жаҳон банкининг операцион масалалар бўйича бошқарувчи директори Анна Берде, Халқаро молия корпорациясининг Яқин Шарқ ва Марказий Осиё бўйича минтақавий вице-президенти Имад Фахури, Ўзбекистон Марказий банки раисининг ўринбосари Нодирбек Очилов, иқтисодиёт ва молия вазирининг маслаҳатчиси Жасур Қаршибоев ҳамда бошқа вакиллар ҳам иштирок этди.
Томонлар Ўзбекистондаги макроиқтисодий тенденциялар, амалга оширилаётган ислоҳотларнинг бориши ва Жаҳон банки гуруҳи билан ҳамкорликни янада кенгайтириш имкониятларини кўриб чиқди.
Барқарор иқтисодий ўсишни қўллаб-қувватлаш ва мамлакатнинг иқтисодий имкониятларини кенгайтиришга хизмат қиладиган йўналишларга алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, инфратузилма ва энергетика, агробизнес, соғлиқни сақлаш ва туризмни ривожлантириш, шунингдек, юқори қўшилган қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кўпайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Қишлоқ хўжалигини ривожлантиришга қаратилган AgriConnect ташаббуси ҳамда сув ресурсларини бошқариш самарадорлигини оширишга йўналтирилган Water Compact дастури ҳам алоҳида муҳокама мавзулари бўлди.
Учрашув якунида томонлар ҳамкорликни давом эттириш ва кўриб чиқилган йўналишлардаги ташаббусларни кенгайтиришга келишиб олди.