Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов 5 октябрь куни Жазоир кончилик саноати вазири Мурод Ханифий билан учрашув ўтказди. Томонлар кончилик ва металлургия соҳаларида ҳамкорликнинг истиқболли йўналишларини муҳокама қилдилар.
Музокаралар давомида геология ва геологик қидирувлар, шунингдек, инвестициявий ва институционал ҳамкорлик соҳаларида ўзаро ҳамкорлик қилиш имкониятлари кўриб чиқилди.
Технологиялар трансфери ва замонавий геологик моделлаштириш усулларини жорий этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Томонлар литий, тантал, ниобий ва бошқа ноёб элементлар истиқболли конларини биргаликда ўрганиш, шунингдек, соҳа учун мутахассислар тайёрлаш масалаларини ҳам муҳокама қилдилар.
Учрашув иштирокчилари турли металларни маҳаллий қайта ишлаш бўйича лойиҳаларни амалга ошириш имкониятларини кўриб чиқдилар. Бундан ташқари, Олмалиқ ва Навоий кон-металлургия комбинатлари билан тажриба алмашиш масаласи муҳокама қилинди.
Учрашув якунлари бўйича Ўзбекистон томони бўлажак ҳукуматлараро комиссия доирасида соҳавий ишчи гуруҳ тузиш ва идоралараро келишув тайёрлашни таклиф қилди.
Таклиф этилаётган механизмлар икки мамлакатнинг геология, минерал ресурсларни қазиб олиш ва қайта ишлаш соҳаларидаги амалий ҳамкорлигини янада ривожлантириш учун асос яратиши керак.