Иқтисод

Азербайжонда тўқимачилик кластерига асос солинди

Азербайжонда тўқимачилик кластерига асос солинди
Азербайжонда тўқимачилик кластерига асос солинди / Фото: «Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмаси матбуот хизмати.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Озарбайжоннинг Мингачевир саноат паркида ўзбек бизнеси иштирокида «Textile Horizon» МЧЖнинг янги тўқимачилик кластери лойиҳасини амалга ошириш бошланди.

Ишлаб чиқариш мажмуаси пойдеворига тамал тошини қўйиш маросими 26 сентябрь куни Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев иштирокида бўлиб ўтди.

Тадбирда Илҳом Алиев, «Azersheker» МЧЖ бошқарув раиси Насиб Исломзода ҳамда Ўзбекистоннинг Global Textile Group компанияси раиси Мусаффар Разаков иштирок этди. Улар тугмани босиш орқали янги корхона қурилишига старт берди.

«Textile Horizon» МЧЖнинг муассислари Озарбайжоннинг «Azersheker» компанияси, Ўзбекистоннинг «Global Textile» компанияси ва Озарбайжон–Ўзбекистон инвестиция фондидан иборат.

Ишлаб чиқариш мажмуаси 11,2 гектар майдонда жойлашади. Лойиҳа пахта етиштиришдан тортиб линт, ип-калава, бўялган мато ва тайёр тўқимачилик маҳсулотларини ишлаб чиқаришгача бўлган тўлиқ ишлаб чиқариш циклини яратишни назарда тутади.

Лойиҳа Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасида тўқимачилик соҳасида инвестициявий ва саноат ҳамкорлигини кенгайтириш доирасида амалга оширилмоқда.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.