Технологиялар

Ўзбекистон ва Қозоғистон Лондонда стартап-хаб очди

Ўзбекистон ва Қозоғистон Лондонда стартап-хаб очди
Ўзбекистон ва Қозоғистон Лондонда стартап-хаб очди / Фото: Ўзбекистон Рақамли технологиялар вазирлиги.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон ва Қозоғистон стартапларни халқаро бозорларга олиб чиқиш ва уларнинг имкониятларини кенгайтириш мақсадида Лондонда ҳамкорликдаги Eurasia Growth Hub хабини очди. Бу ҳақда Ўзбекистон Рақамли технологиялар вазирлиги хабар берди.

Хабнинг расмий очилиш маросими IT Park Uzbekistan ва Astana Hub ҳамкорлигида ташкил этилган Digital Eurasia – Growth Hub Grand Opening тадбири доирасида бўлиб ўтди.

Ташаббус икки мамлакат стартап экотизимини ривожлантириш, минтақавий технологик компаниялар, британиялик инвесторлар ва салоҳиятли бизнес ҳамкорлар ўртасида алоқалар ўрнатишга қаратилган.

Тадбир доирасида Ўзбекистон ва Қозоғистондан 12 та стартап ўзининг технологик ишланмаларини Британия аудиториясига тақдим этди.

Учрашувда 250 нафардан ортиқ иштирокчи қатнашди. Улар орасида венчур фондлар вакиллари, бизнес-фаришталар, технологик компаниялар ҳамда халқаро стартап экотизимлари иштирокчилари, шунингдек, Буюк Британияда истиқомат қилаётган Ўзбекистон ва Қозоғистон технологик ҳамжамияти вакиллари бор эди.

Тадбирда NVIDIA, Startupbootcamp, EBRD VC, Molten Ventures, Innowise, Буюк Британия Ташқи ишлар, Ҳамдўстлик ва тараққиёт вазирлиги (FCDO), Citibank ҳамда Sturgeon Capital вакиллари иштирок этди. Шунингдек, Ўзбекистон ва Қозоғистоннинг Буюк Британиядаги элчилари ҳам қатнашди.

Eurasia Growth Hub’нинг ташкил этилиши икки мамлакат стартап экотизимлари ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш, минтақавий компанияларнинг халқаро инвестиция ва бизнес алоқаларини кенгайтириш ҳамда улар учун Британия бозорида қўшимча имкониятлар яратишга хизмат қилиши кўзда тутилган.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.