7
Технологиялар

Ўзбекистоннинг 20 дан ортиқ жамоаси ICPCнинг Қозоғистон босқичига йўл олди

Ўзбекистоннинг 20 дан ортиқ жамоаси ICPCнинг Қозоғистон босқичига йўл олди
Ўзбекистоннинг 20 дан ортиқ жамоаси ICPCнинг Қозоғистон босқичига йўл олди / Фото: ICPC Uzbekistan Regional Contest.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Тошкентда бўлиб ўтган ICPC Uzbekistan Regional Contest 2026 мусобақасининг минтақавий босқичи якунларига кўра, 20 дан ортиқ жамоа Қозоғистонда ўтказиладиган Шимолий Евросиё босқичида иштирок этиш имкониятини қўлга киритди. Мусобақада Ўзбекистон олий таълим муассасаларидан 79 та жамоа қатнашди.

Мусобақа 8 ноябрь куни School 21 майдонида бўлиб ўтди. У Ўзбекистон Рақамли технологиялар вазирлиги, IT Park Uzbekistan, IT Park University (ITPU) ва School 21 томонидан ташкил этилди.

Иштирокчилардан дастурлаш, маълумотлар тузилмалари, математик мантиқ ва оптималлаштириш усуллари бўйича билимларни талаб қилувчи алгоритмик масалаларни ечиш талаб этилди.

Мусобақа натижаларига кўра, биринчи ўринни Attack on Contest: THE LAST ATTACK номли Tashkent UIT жамоаси эгаллади. Иккинчи ўрин Тошкентдаги Москва давлат университети филиали вакили бўлган One Last Plov жамоасига насиб этди. Учинчи ўринни эса New Uzbekistan University'нинг Three Dinosaurs жамоаси қўлга киритди.

Жами тўққизта жамоа совриндор бўлди. Биринчи, иккинчи ва учинчи ўрин соҳибларига мос равишда MacBook Pro, iPad Pro ва iPad Air тақдим этилди.

Тўртинчидан тўққизинчи ўрингача бўлган жамоалар Fitbit қурилмалари билан тақдирланди.

Тақдирлаш маросимида ICPC Uzbekistan минтақавий директори, IT Park Uzbekistan бош директори маслаҳатчиси Абдулаҳад Қўчқоров ҳамда Рақамли технологиялар вазирлиги вакили Баходир Аҳмедов иштирок этди.

Uzum компанияси томонидан алоҳида номинациялар ҳам таъсис этилди. Webster University in Tashkent'нинг Falcons жамоаси масалалардан бирини биринчи бўлиб муваффақиятли ечгани учун, Cyber University'нинг Cyber жамоаси ечимларни юборишга энг кўп уриниш қилгани учун, New Uzbekistan University'нинг Asteroids жамоаси эса мусобақанинг сўнгги дақиқасида ечимни муваффақиятли юборгани учун эътироф этилди.

Ҳар бир жамоага 5 миллион сўмлик Uzum ваучери топширилди.

Yandex компанияси эса машғулот йиғинлари ва мусобақаларни ташкил этишда иштирок этадиган мураббийлар ҳамда фаолларга Яндекс Drops қулоқчинларини совға қилди.

ICPC — спорт дастурлаш бўйича халқаро жамоавий мусобақа ҳисобланади.

Одатда, ҳар бир жамоа уч нафар талабадан ташкил топади. Уларга беш соат давомида бир қатор алгоритмик масалаларни ечиш вазифаси берилади. Натижалар ечилган масалалар сони, уларни бажариш вақти ва жарима вақти асосида баҳоланади.

 

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.