Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов МДҲ давлатларини рақамли соҳадаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга, бир-бирига рақобатчи эмас, балки стратегик ҳамкор сифатида ёндашишга чақирди. Бу ҳақда Ўзбекистон Рақамли технологиялар вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Бу ҳақда 2026 йилги Халқаро электр алоқаси иттифоқи (ХЭАИ)нинг Ваколатли конференцияси доирасида Доҳа шаҳрида бўлиб ўтган Алоқа соҳасидаги минтақавий ҳамдўстлик (АМҲ) Алоқа маъмуриятлари раҳбарлари кенгашининг 67-йиғилишида маълум қилинди.
Йиғилишга АМҲ раиси сифатида Шерзод Шерматов раислик қилди. Унда, шунингдек, ХЭАИ бош котибининг ўринбосари Томас Ламанаускас, делегациялар раҳбарлари ва ҳамдўстликка аъзо давлатларнинг ваколатли вакиллари иштирок этди.
Учрашув давомида вазир Ўзбекистондаги рақамли трансформация жараёнлари, замонавий телекоммуникация инфратузилмасини ривожлантириш, аҳолининг рақамли хизматлардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш ҳамда ахборот-коммуникация технологиялари соҳасидаги ислоҳотлар ҳақида маълумот берди.
Шерматов МДҲ давлатлари ўртасида тажриба алмашиш ва ўзаро қўллаб-қувватлаш муҳимлигини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, бундай ёндашув ҳар бир давлатнинг рақамли салоҳиятини мустаҳкамлаш ва ҳамдўстлик мамлакатларининг рақамли соҳадаги халқаро нуфузини ошириш имконини беради.
Йиғилиш иштирокчилари, шунингдек, ХЭАИнинг Ваколатли конференциясида АМҲга аъзо давлатлар делегациялари фаолиятини мувофиқлаштириш, минтақавий номзодларни қўллаб-қувватлаш ва конференция давомида тақдим этиш режалаштирилган қўшма таклифларни келишиб олиш масалаларини муҳокама қилди.
ХЭАИ фаолиятининг кейинги тўрт йилга мўлжалланган устувор йўналишларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Муҳокама қилинган йўналишлар қаторида рақамли тафовутни қисқартириш, телекоммуникация инфратузилмасини ривожлантириш, сунъий интеллект соҳасида халқаро ҳамкорликни кенгайтириш, шунингдек, ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланишда ишонч ва хавфсизликни мустаҳкамлаш масалалари ўрин олди.
Иштирокчилар ушбу масалалар бўйича АМҲ давлатларининг умумий позициясини ишлаб чиқиш зарурлигини таъкидлади.