Технологиялар

MIT тадқиқоти Ўзбекистон ва Марказий Осиёнинг сунъий интеллектни ривожлантиришга тайёрлигини баҳолади

MIT тадқиқоти Ўзбекистон ва Марказий Осиёнинг сунъий интеллектни ривожлантиришга тайёрлигини баҳолади
MIT тадқиқоти Ўзбекистон ва Марказий Осиёнинг сунъий интеллектни ривожлантиришга тайёрлигини баҳолади / Фото: IT Park Uzbekistan.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Нью-Йоркдаги Колумбия университетида Марказий Осиё ва Кавказ мамлакатларининг сунъий интеллектни ривожлантиришга тайёрлиги бўйича тадқиқот натижалари тақдим этилди.

Ҳисобот Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Озарбайжонни қамраб олган бўлиб, ягона методология асосида минтақанинг ҳолатига берилган илк комплекс баҳолаш ҳисобланади.

«The Next AI Frontier: Central Asia and the Caucasus in the Global Technology Shift» номли тадқиқотни MIT Kuo Sharper Center тайёрлаган. Худди шу номдаги муҳокамада марказнинг тадқиқотлар бўйича директори Шамиль Ибрагимов маъруза билан иштирок этди.

Тадқиқот устида ишлаш 2026 йил апрель ойида бошланган. Дастлабки натижалар 22 сентябрь куни Тошкентда бўлиб ўтган ICT Week Uzbekistan 2026 тадбирида тақдим этилган.

Муаллифлар сўнгги уч йилда минтақа мамлакатлари сунъий интеллектни ривожлантиришда сезиларли ютуқларга эришганини қайд этган. Шу билан бирга, технологик мақсадлар ҳозирча инфратузилма имкониятларидан илгарилаб кетмоқда. Асосий чекловлар қаторида ҳисоблаш қувватларининг етишмаслиги ва ишончли энергия таъминоти зарурати кўрсатилган.

Давлат сиёсати ва инфратузилма

Тадқиқотга кўра, бешала мамлакатда ҳам сунъий интеллектни тартибга солиш қонунчилик даражасида мустаҳкамланган, барча давлатларда ушбу йўналиш учун масъулият камида вазирлик даражасида белгиланган. Ўзбекистонда сунъий интеллектга оид нормалар амалдаги қонунчиликка интеграция қилинган.

Шу билан бирга, минтақа ҳануз Франкфурт, Деҳли ва Дубайдаги маълумотларни қайта ишлаш марказларига эга хорижий булутли платформаларга боғлиқ. Уч йил аввал минтақада график процессорлар (GPU) асосидаги ҳисоблаш қувватлари мавжуд бўлмаган бўлса, ҳозирда бу ерда жаҳоннинг TOP500 рейтингига киритилган учта суперкомпьютер ишламоқда.

Ибрагимовнинг баҳолашича, яқин бир-икки йил ичида илғор микросхемалардан фойдаланиш имконияти ва энергетика инфратузилмасини таъминлаш бўйича қабул қилинадиган қарорлар минтақанинг кейинги ўн йилликдаги технологик ривожланишини белгилаб бериши мумкин.

Илмий нашрлар ва тайёрланган мутахассислар сони ортиб бормоқда

2021–2025 йилларда минтақа мамлакатларида сунъий интеллект бўйича 4 278 та илмий мақола чоп этилган. Ушбу даврда йиллик илмий нашрлар сони беш баравардан зиёд ошган.

Илмий ишлар сифати ҳам яхшиланмоқда: мақолаларнинг 42 фоизи биринчи квартилдаги журналларда эълон қилинган. Минтақанинг вазнли иқтибос келтириш индекси 1,5 ни ташкил этган, жаҳон бўйича ўртача кўрсаткич эса 1,0 га тенг.

Шу билан бирга, оммавий таълим ҳозирча асосан қисқа муддатли масофавий курслар билан чекланмоқда. Тадқиқот муаллифларининг фикрича, кейинги босқичда мавжуд сунъий интеллект воситаларидан фойдаланиш билан бирга янги моделларни ҳам ишлаб чиқишга қодир мутахассисларни чуқур тайёрлашга эътибор қаратиш зарур.

Стартаплар сунъий интеллектни жорий этишда йирик бизнесдан илгарилаб кетмоқда

Тадқиқот доирасида 650 та стартап ва 100 нафардан ортиқ ходимга эга 103 та компания ўрганилган.

Сўровда қатнашган стартапларнинг қарийб 80 фоизи ўзини сунъий интеллект соҳасида фаолият юритувчи компания сифатида баҳолаган. 2023 йилда ёки ундан кейин ташкил этилган корхоналар орасида бу кўрсаткич 81 фоизни ташкил этган.

Бироқ стартапларнинг 84 фоизи GPU етишмаслигига дуч келмоқда, 71 фоизи эса хорижий булутли платформалардан фойдаланмоқда.

Йирик компаниялар орасида 68 фоизи ҳозирча сунъий интеллектни қўллаш имкониятларини ўрганмоқда ёки пилот лойиҳаларни амалга оширмоқда. Атиги 3 фоиз компания сунъий интеллектни ўз фаолиятининг асосига айлантирган, қарийб ярмида эса уни жорий этиш бўйича аниқ стратегия мавжуд эмас.

Ибрагимов стартаплар фаоллиги ва йирик компаниялар талаби ўртасидаги тафовутни минтақани ривожлантириш учун асосий имкониятлардан бири сифатида баҳолаган.

У минтақавий интеграцияни кучайтириш зарурлигини ҳам таъкидлаган. Унинг фикрича, алоҳида мамлакатлар бозорлари нисбатан кичик, ягона минтақавий макон эса кўпроқ инвестиция жалб қилиши мумкин. Марказий Осиё ва Кавказнинг устунликлари қаторида қайта тикланувчи энергетика салоҳияти, Евросиё марказидаги географик жойлашуви ва нисбий барқарорлик қайд этилган.

Ўзбекистон сунъий интеллект соҳасидаги илмий нашрлар сони бўйича етакчи

Тадқиқотнинг алоҳида бўлими Ўзбекистон кўрсаткичларига бағишланган. Мамлакатда сунъий интеллект бўйича илмий нашрлар сони 2021 йилдаги 26 тадан 2025 йилда 861 тага етган. Бу 27 баравардан зиёд ўсишни англатади. Ушбу кўрсаткич бўйича Ўзбекистон 2025 йилда 579 та илмий иш чоп этган Қозоғистондан ўзиб кетган. Scopus маълумотлар базасида индексланган ва тақриздан ўтган минтақавий илмий мақолаларнинг 82 фоизи ушбу икки мамлакат ҳиссасига тўғри келади.

2026 йил июль ойида Тошкентда Рақамли технологиялар вазирлиги бошқарувидаги Digital Government National Supercomputer ишга туширилди. У TOP500 рейтингига киритилди. Биринчи ойда тизимнинг юкланиш даражаси қарийб 90 фоизга етган. 2027 йилгача унинг ҳисоблаш қувватини уч баравар ошириш режалаштирилган.

Ўзбекистон минтақадаги онлайн таълим бозорида ҳам салмоқли улушга эга. Беш мамлакатда Coursera платформасида таҳсил олаётган 4,7 млн нафар тингловчининг 3,4 миллиони Ўзбекистон ҳиссасига тўғри келади. Тадқиқот муаллифлари рақамли кўникмаларни ривожлантиришга қаратилган асосий ташаббуслар қаторида One Million Uzbek Coders дастурини ҳам қайд этган.

Хусусий секторда сўровда қатнашган ўзбекистонлик стартапларнинг 79 фоизи ўзини сунъий интеллект соҳасида фаолият юритувчи компания сифатида кўрсатган.

Энергетика соҳасида мамлакатда электр энергиясини узатиш ва тақсимлашдаги йўқотишлар 5 фоизни ташкил этади. Бу кўриб чиқилган давлатлар орасидаги энг паст кўрсаткичдир. Бундан ташқари, Ўзбекистонда DataVolt ва LinkWise маълумотларни қайта ишлаш марказларини ташкил этиш лойиҳалари эълон қилинган.

IT Park технологик компаниялар ва инвесторларни жалб қилмоқда

Тадқиқотда IT Park Uzbekistan Қозоғистондаги Astana Hub ва Қирғизистондаги Юқори технологиялар парки билан бир қаторда минтақада технологик компанияларни жалб қилишнинг асосий воситаларидан бири сифатида қайд этилган.

Бундай майдонлар резидентлари солиқ имтиёзларидан фойдаланади. Ўзбекистонда хорижий инвесторлар ва технологик компанияларга мўлжалланган Enterprise Uzbekistan махсус ҳуқуқий зонаси ҳам ривожлантирилмоқда.

IT Park маълумотларига кўра, 2026 йилнинг биринчи ярмида унинг экотизимида экспортга йўналтирилган 607 та янги резидент пайдо бўлган. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 177 фоиз кўп. Хорижий капитал иштирокидаги янги резидентлар сони 154 фоизга ошиб, 297 тага етган. Умуман, экотизимда хорижий капитал иштирокидаги 1 200 дан ортиқ компания мавжуд.

Экотизим компаниялари 75 та мамлакатда фаолият юритмоқда. Янги хорижий резидентлар орасида АҚШ компаниялари энг кўпчиликни ташкил этган.

Жами 1 200 та IT Park резиденти хизматлар ва рақамли маҳсулотларни 102 та мамлакатга экспорт қилмоқда. Таққослаш учун, 2017 йилда бундай компаниялар сони атиги саккизта бўлган. Ҳозирги экспорт қилувчиларнинг 315 таси Ўзбекистон ҳудудларида фаолият юритади.

Экспортнинг 54 фоизи тўғри келадиган Шимолий Америка энг йирик экспорт бозори бўлиб қолмоқда.

Тадқиқот натижаларининг Нью-Йоркда тақдим этилиши IT Park Uzbekistan томонидан мамлакатнинг технологик салоҳиятини америкалик инвесторлар ва ҳамкорлар орасида тарғиб қилиш ишларининг бир қисми бўлди.

MIT Kuo Sharper Center for Prosperity and Entrepreneurship — Массачусетс технология институти қошидаги марказ бўлиб, у 2007 йилда инновацион тадбиркорликни ривожлантириш мақсадида ташкил этилган.

Ташкилот маълумотларига кўра, шу вақтгача у 67 та мамлакатдан 400 нафардан ортиқ стипендиатни ҳам ўз ичига олган 600 дан зиёд инновация яратувчисини қўллаб-қувватлаган. Унинг стипендиатлари томонидан ташкил этилган компаниялар 17 миллиондан ортиқ мижозга хизмат кўрсатади.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.