Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Тошкент давлат аграр университетида Ўзбекистон — Германия аграр-иқтисодий форуми бўлиб ўтди. Унда икки мамлакат вакиллари қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ҳамкорлик истиқболлари, инновацияларни жорий этиш ва аграр ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш масалаларини муҳокама қилди.
Тадбирда Германия Озиқ-овқат, қишлоқ хўжалиги ва минтақавий ўзига хослик федерал вазирлигининг (BMLEH) парламент давлат котиби Мартина Энгельхардт-Копф бошчилигидаги Германия делегацияси иштирок этди.
Ўзбекистон томонидан қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари Жамшид Абдузухуров, вазирлик тизимидаги илмий-тадқиқот институтлари ходимлари ва соҳа мутахассислари қатнашди.
Форум давомида иштирокчилар икки мамлакатнинг аграр соҳадаги тажрибасини тақдим этди, мавжуд имкониятларни муҳокама қилди ва қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг долзарб масалалари юзасидан фикр алмашди.
Муҳокамаларнинг асосий мавзуларидан бири барқарор қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариши бўлди. Томонлар соҳани иқлим ўзгаришига мослаштириш, сув ва ер ресурсларидан оқилона фойдаланиш, шунингдек, деҳқончиликка рақамли технологияларни жорий этиш бўйича ёндашувларни кўриб чиқди.
Муҳокамаларнинг алоҳида қисми чорвачилик соҳасига бағишланди. Иштирокчилар тармоқни модернизация қилиш, сут ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш, ем-хашак сифатини яхшилаш, ҳайвонларни идентификация қилиш ва рақамли мониторинг тизимларини такомиллаштириш масалаларини муҳокама қилди.
Шунингдек, технологияларни трансфер қилиш ва инновацион ечимларни қишлоқ хўжалиги корхоналари фаолиятига татбиқ этиш масалалари кўриб чиқилди. Малакали кадрлар тайёрлаш ва мутахассисларнинг касбий салоҳиятини ошириш ҳам кун тартибидан муҳим ўрин олди.
Бундан ташқари, икки мамлакат вакиллари аграр маҳсулотларнинг ички ва халқаро бозорларга чиқиш имкониятларини кенгайтириш бўйича фикр алмашди.
Муҳокама қилинган йўналишлар қаторида молиялаштириш механизмларини такомиллаштириш, халқаро стандартлар ва сертификатлаш тизимларини ривожлантириш, шунингдек, ишлаб чиқарувчиларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чоралари ҳам бўлди.
Форум Ўзбекистон ва Германия ўртасида аграр соҳада тажриба алмашиш ҳамда келгусидаги ҳамкорлик йўналишларини муҳокама қилиш учун майдон бўлиб хизмат қилди.