7
Иқтисод

Ўзбекистон ва Traxys ҳамкорликни кенгайтириш бўйича келишув имзолади

Ўзбекистон ва Traxys ҳамкорликни кенгайтириш бўйича келишув имзолади
Ўзбекистон ва Traxys ҳамкорликни кенгайтириш бўйича келишув имзолади / Фото: Ўзбекистон Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги матбуот хизмати.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон ва Американинг Traxys компанияси муҳим минерал ресурслар соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш тўғрисида келишув имзолади. Ҳужжат ўзаро ҳамкорлик ва биргаликдаги фаолиятнинг кейинги йўналишларини белгилайди. Келишув Ўзбекистон ҳукумати вакилларининг компания раҳбарияти билан C5+1 бизнес-форуми доирасида ўтказган учрашуви якунлари бўйича имзоланди.

Музокараларда Ўзбекистон Бош вазирининг ўринбосари Жамшид Хўжаев, инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов, тоғ-кон саноати ва геология вазири Бобур Исломов ҳамда Traxys компаниясининг бош ижрочи директори Марк Кристофф иштирок этди.

Томонлар муҳим минераллар соҳасидаги ҳамкорликнинг жорий ҳолати ва истиқболларини муҳокама қилдилар. Бунда геологик қидирув ишлари, минерал хомашёни қазиб олиш ва чуқур қайта ишлаш, инвестицияларни жалб қилиш, замонавий технологияларни жорий этиш ҳамда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалаларига асосий эътибор қаратилди.

Учрашув Ўзбекистоннинг тоғ-кон-геология соҳасини трансформация қилиш, инвесторлар учун қулай шароитлар яратиш ва узоқ муддатли ҳамкорликни ривожлантиришга бағишланган аввалги музокараларнинг давоми бўлди.

Учрашув иштирокчилари тармоқ корхоналари билан ҳамкорликни кенгайтириш ва барқарор ишлаб чиқариш занжирларини шакллантириш учун салоҳият мавжудлигини таъкидладилар.

Ўзбекистон вакиллари қўшма ташаббусларни амалий жиҳатдан рўёбга чиқаришга кўмаклашишга тайёр эканликларини тасдиқладилар. Traxys раҳбарияти эса ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада ривожлантириш ва мамлакатдаги истиқболли лойиҳаларда иштирок этишдан манфаатдорлигини билдирди.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.