Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 19 октябрь куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон ва Хитойнинг Шаньси провинцияси ўртасида савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантиришга бағишланган конференция бўлиб ўтди.
Тадбир якунлари бўйича икки томон компаниялари логистика, қурилиш, энергетика ва технологиялар соҳаларида ҳамкорлик қилиш тўғрисида бир қатор келишувларни имзоладилар.
Конференцияда Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раисининг ўринбосари Шерзод Ибрагимов ҳамда Шаньси провинцияси Халқаро савдога кўмаклашиш қўмитасининг партия гуруҳи котиби Цзяо Юйфэн бошчилигидаги делегация иштирок этди.
Иштирокчилар ўзаро савдо ҳажмини кенгайтириш, инвестицияларни жалб қилиш, саноат кооперациясини ривожлантириш ва тадбиркорлар ўртасида тўғридан-тўғри ишбилармонлик алоқаларини ўрнатиш имкониятларини кўриб чиқдилар.
Ҳамкорликнинг устувор йўналишлари сифатида транспорт ва логистика, анъанавий ва қайта тикланувчи энергетика, энергетика ускуналарини ишлаб чиқариш, инфратузилма қурилиши, шунингдек, озиқ-овқат ва кимё саноати белгиланди.
Шаньси провинцияси вакиллари ҳудуд компанияларининг имкониятларини тақдим этиб, Ўзбекистонда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, замонавий технологияларни жорий этиш ва ишлаб чиқаришни ривожлантиришдан манфаатдор эканликларини билдирдилар.
Конференциянинг якуний босқичида B2B форматида икки томонлама ишбилармонлик учрашувлари ўтказилди.
Ўзбекистон ва Шаньси тадбиркорлари истиқболли лойиҳаларни ҳамда ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг эҳтимолий йўналишларини муҳокама қилдилар.