Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Туркиялик инвесторлар сўнгги йилларда Ўзбекистоннинг умумий қиймати қарийб 350 млн доллар бўлган 30 дан ортиқ давлат активини сотиб олди.
Туркиянинг мамлакат иқтисодиётига киритган инвестициялари ҳажми қарийб 10 млрд долларга етди. Ушбу маълумотларни Давлат активларини бошқариш агентлиги (ДAБА) директори Соҳибжон Муродов 19 октябрь куни Самарқандда бўлиб ўтган SamAuto Supplier Day халқаро ишбилармонлик учрашувида тақдим этди. Бу ҳақда агентлик матбуот хизмати хабар берди.
Ўзбекистон ва Туркия ўртасида саноат кооперациясини ривожлантиришга бағишланган тадбирда икки мамлакат давлат органлари, саноат корхоналари ва ишбилармон доираларининг 150 дан ортиқ вакили иштирок этди.
Муродов туркиялик инвесторлар узоқ муддатли стратегик ҳамкорлар сифатида кўрилишини таъкидлади.
Унинг сўзларига кўра, хусусийлаштириш фақат давлат активларини хусусий мулкдорларга ўтказишни эмас, балки инвестицияларни жалб қилиш, корхоналарни модернизациялаш, замонавий технологияларни жорий этиш ва янги иш ўринларини яратишни ҳам назарда тутади.
Учрашувда SamAuto корхонасини хусусийлаштириш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. 2025 йилда Туркиянинг Anadolu Isuzu компанияси корхонанинг 75,2 фоиз улушини сотиб олган эди.
Давлат активларини бошқариш агентлиги баҳолашича, ушбу битим ишлаб чиқаришни ривожлантириш, маҳаллийлаштириш даражасини ошириш ва экспорт салоҳиятини кенгайтириш учун қўшимча имкониятлар яратди.
Агентлик туркиялик инвесторларни хусусийлаштириш жараёнларида янада фаол иштирок этишга ҳамда Ўзбекистонда янги инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш имкониятларидан фойдаланишга чақирди.