Шошилинч
Иқтисод

Мирзиёев миллионлаб гектар яйловларни тиклашни буюрди

Мирзиёев миллионлаб гектар яйловларни тиклашни буюрди
Мирзиёев миллионлаб гектар яйловларни тиклашни буюрди / Фото: Ўзбекистон Президенти матбуот хизмати.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Президент Шавкат Мирзиёев яйловлар деградациясининг олдини олиш, сув таъминотини яхшилаш ҳамда улардан самарали фойдаланиш юзасидан тақдимот билан танишди.

Мамлакатимизда 21 миллион 255 минг гектар яйлов мавжуд, бироқ уларнинг атиги 40 фоизидан самарали фойдаланилмоқда. Давлатимиз раҳбари ушбу катта имкониятни тўлиқ ишга солиш юртимиз озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда фавқулодда муҳим эканини кўрсатиб ўтди.

Яқинда яйловлардан самарали фойдаланиш бўйича имзоланган Президент қарори ижросини ташкил этиш вазифалари белгилаб олинди. Ҳокимлар олдига йил якунигача 620 минг гектар, келгуси йилда 3 миллион 700 минг гектар яйловни қайта тиклаш ва ҳосилдорлигини ошириш вазифаси қўйилди. Улар Чорвачилик ва яйлов хўжалигини ривожлантириш агентлиги билан бир ой муддатда деградацияга учраган майдонларни жорий йилда 10 фоизга, келаси йили 20 фоизга қисқартириш бўйича комплекс дастурларни тасдиқлайди.

Навоий вилоятида маҳаллий бюджетдан ажратилган 30 миллиард сўм ҳисобига “Кенгсой” насос станцияси реконструкция қилиниб, 20 минг гектар яйлов ўзлаштирилмоқда. Бу имкониятдан фойдаланиб, 11 та тадбиркор сув ҳавзалари қуриш ва ёмғирлатиб суғориш технологиясини жорий этишга киришган. Натижада ушбу майдонларда 60 минг бош қорамол учун йилига 250 минг тонна озуқа етиштириш имконияти пайдо бўлади.

Қашқадарё вилоятининг Нишон туманида эса 1 минг 332 гектар яйловда пивот суғориш тизими жорий этилиб, маҳаллий шароитга мос янги озуқабоп ўсимликлар экилмоқда. Ушбу тажрибани Муборак ва Деҳқонобод туманларида ҳам йўлга қўйиш, шунингдек, бир йил ичида жами 9,4 минг гектар уруғчилик майдонини ташкил этиш топширилди.

Яйловларни сув билан таъминлаш учун молиявий манбалар ҳам белгиланди. Яйловлар ижарасидан тушадиган маблағлар ҳудудий яйлов хўжаликлари ихтиёрида қолдирилади. Ушбу маблағлар ҳисобидан қўшимча 448 та қудуқ қазилиб, келгуси йилда 1,5 миллион гектар яйловнинг сув таъминоти яхшиланади. Йил якунигача 1 минг 600 та қудуқ таъмирланади.

Қолаверса, бюджетдан ажратилган 100 миллиард сўм ҳисобидан жорий йилда 161 та, 2027 ва 2028 йилларда 81 тадан – жами 323 та суғориш иншооти барпо этилади. Бу 969 минг гектар яйловни тиклаш имконини беради.

Яйловлардан узоқ йиллардан буён фойдаланиб келаётган чорвадорларнинг ҳуқуқларини расмийлаштириш масаласи ҳам кўриб чиқилди. Ҳозир 260 минг бош чорва боқилаётган 623 минг гектар яйловни амалдаги фойдаланувчилар номига расмийлаштириш учун тегишли комиссиянинг ваколати йил охиригача узайтирилади.

Олис ҳудудлардаги аҳоли ўз хонадонларидаги чорвани ўтлатиши учун жамоат яйловлари ташкил этилади. Йил якунигача 470 та маҳаллага 627 минг гектар яйлов 49 йилга бепул ижарага берилади. Ушбу майдонлар солиқдан озод қилинади.

Янги тартибга кўра, яйлов ерларининг тоифасини ўзгартирмасдан чорвачилик комплекслари қуришга рухсат берилади. Бу жараёнда ер участкаларининг бошланғич нархи ва ер солиғи қишлоқ хўжалиги ерлари каби ҳисобланади. Навоий, Самарқанд ва Сурхондарё вилоятларида жами 130 гектар майдонда 55 минг бошдан ортиқ чорвага мўлжалланган 15 та комплекс қурилиши белгиланди.

Яйловлардан фақат чорва боқиш учун эмас, балки экотуризм, асаларичилик, доривор ўсимликлар етиштириш, кўчатчилик, овчилик ва пиллачилик йўналишларида ҳам фойдаланиш муҳим экани қайд этилди. Шу сабабли яйловларни мазкур фаолият турлари учун ҳам ижарага беришга рухсат этилади. Бундай лойиҳаларни амалга оширишда яйловларнинг табиий ҳолатини сақлаш ва уларнинг қайта тикланишини таъминлаш муҳимлиги таъкидланди.

Мутасаддиларга яйловларни тиклаш, сув ва озуқа базасини мустаҳкамлаш, аҳоли ҳамда тадбиркорлар учун белгиланган янги имкониятларни жойларда амалга ошириш юзасидан топшириқлар берилди.

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.