Иқтисод

Фарғона вилояти Miahona билан сув таъминотини модернизация қилишни муҳокама қилди

Фарғона вилояти Miahona билан сув таъминотини модернизация қилишни муҳокама қилди
Фарғона вилояти Miahona билан сув таъминотини модернизация қилишни муҳокама қилди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Фарғона вилояти ҳокими Ҳайрулло Бозоров Саудия Арабистонининг Miahona компанияси раҳбарияти билан ҳудудда ичимлик суви таъминоти тизимлари ва канализация тармоқларини модернизация қилиш истиқболларини муҳокама қилди.

Музокаралар вилоят раҳбарининг Саудия Арабистонига амалий ташрифи доирасида Ар-Риёд шаҳрида бўлиб ўтди. Бозоров Miahona компанияси бош ижрочи директори Авад Ал-Утайбий билан учрашди.

Томонлар компаниянинг сув таъминоти, оқова сувларни тозалаш ва сув ресурсларидан қайта фойдаланиш соҳаларидаги тажрибасидан фойдаланган ҳолда Фарғона вилояти сув хўжалиги инфратузилмасини ривожлантириш бўйича таклифларни кўриб чиқди.

Miahona инфратузилма лойиҳаларини амалга оширишга ихтисослашган бўлиб, улар орасида давлат-хусусий шериклик асосидаги лойиҳалар ҳам бор. Компания саноат корхоналарини сув билан таъминлашга қаратилган ечимларни ишлаб чиқади, шунингдек, оқова сувларни тозалаш тизимларини бошқаради.

Компания Ўзбекистондаги фаолиятини ҳам ривожлантирмоқда. 2024 йил 29 сентябрда Miahona Ўзбекистон Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ҳамда «Ўзсувтаъминот» акциядорлик жамияти билан ҳамкорлик тўғрисидаги келишувни имзолаган.

Ушбу ҳамкорлик доирасида истиқболли лойиҳаларни дастлабки ўрганиш ишлари бошланган. Улар қаторида Фарғона вилоятида амалга оширилиши мумкин бўлган лойиҳалар ҳам бор.

Учрашув якунлари бўйича томонлар амалий ҳамкорликни давом эттириш, муҳокама қилинган масалаларни ишчи гуруҳлар доирасида ишлаб чиқиш ва келгуси ҳамкорлик бўйича аниқ таклифлар тайёрлашга келишиб олди.

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.