Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Фарғона вилояти ва Япониянинг Майдзуру шаҳри туризм, маданият, спорт ва инвестициялар соҳаларида ҳудудлараро ҳамкорликни кенгайтиришга келишиб олди.
Бу масалалар Фарғона вилояти ҳокимининг ўринбосари Хуршиджон Аҳмедов бошчилигидаги делегациянинг Японияга амалий ташрифи давомида муҳокама қилинди.
Делегация таркибидан Риштон тумани ҳокими Баҳодир Холиқов ҳам ўрин олди. Майдзуру шаҳрида вилоят вакиллари шаҳар мэри Комода Акитсу ва шаҳар депутатлар кенгаши раиси Кимоцуки Рюдзи билан учрашувлар ўтказди.
Томонлар икки ҳудуд салоҳиятидан янада самарали фойдаланиш, тажриба алмашиш ва қўшма лойиҳаларни амалга ошириш имкониятларини муҳокама қилди. Майдзуру шаҳри ва Риштон тумани аввалдан эгизак ҳудудлар мақомига эга.
Учрашувлар иштирокчилари мавжуд алоқаларни ривожлантириш ва ҳамкорликни янги йўналишларда кенгайтиришга тайёр эканини билдирди.
Эришилган келишувлардан бири Риштон туманида «Майдзуру кунлари», Япониянинг Майдзуру шаҳрида эса «Фарғона кунлари»ни ўтказишдан иборат бўлди.
Ташриф доирасида делегация Майдзуру маъмурияти ҳузурида ташкил этилган «Қизил ғишт» музейи ва шаҳар Мемориал музейига ҳам борди.
Фарғона вилояти вакиллари шаҳар тарихи, маданий мероси ва Иккинчи жаҳон уруши билан боғлиқ экспонатлар билан танишди.
Шунингдек, делегация «Хотира ва тинчлик» тадбирида иштирок этиб, уруш қурбонлари хотирасини ёд этди.
Томонлар Фарғона вилояти ва Майдзуру шаҳри музейлари ўртасида ҳамкорлик ўрнатишга ҳам келишиб олди.
Ташриф Фарғона вилояти ва Япониянинг Майдзуру шаҳри ўртасидаги дўстона алоқаларни мустаҳкамлаш, шунингдек, маданият, туризм ва бошқа соҳаларда қўшма ташаббусларни ривожлантиришга қаратилган.