Иқтисод

Фарғона ва Тюрингия иқтисодий ҳамкорликни кенгайтиради

Фарғона ва Тюрингия иқтисодий ҳамкорликни кенгайтиради
Фарғона ва Тюрингия иқтисодий ҳамкорликни кенгайтиради / Фото: Фарғона вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров Турингия иқтисодий ривожланиш агентлиги (ЛЕГ Thüringen) билан боғлиқ бўлган Thuringia International Relations ташкилотининг Шарқий Европа ва Марказий Осиё бўйича лойиҳа менежери Ирина Хесс бошчилигидаги делегация билан учрашди.

Томонлар ҳамкорликнинг жорий ҳолати ва уни янада ривожлантириш истиқболларини муҳокама қилди. Бу ҳақда Фарғона вилояти ҳокимлиги хабар берди.

Учрашувда Тюрингия делегацияларининг Ўзбекистонга мунтазам ташрифлари, шунингдек, ҳудудлар ва ишбилармон доиралар вакиллари ўртасидаги тўғридан-тўғри алоқалар муҳим аҳамиятга эга экани таъкидланди. Томонларнинг баҳолашича, бундай алоқалар ўзаро манфаатли ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.

Музокара иштирокчилари истиқболли йўналишларда ҳамкорликни кенгайтириш, янги инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, шунингдек, Фарғона вилояти корхоналари ва Тюрингия компаниялари ўртасида тўғридан-тўғри ишбилармонлик алоқаларини ривожлантириш масалалари юзасидан фикр алмашди.

Германия томони вакиллари Фарғона вилояти билан ҳамкорликни янада чуқурлаштиришдан манфаатдор эканини тасдиқлади. Шунингдек, улар келгусида Тюрингиянинг йирик иқтисодий делегацияси таркибида вилоятга ташриф буюриш ва янги қўшма лойиҳаларни амалга ошириш нияти борлигини билдирди.

Хайрулло Бозоров учрашув давомида билдирилган таклиф ва ташаббуслар Фарғона вилояти учун муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлаб, белгиланган йўналишлар бўйича ҳамкорликни ривожлантиришни қўллаб-қувватлашга тайёрлигини билдирди.

Учрашув якунида томонлар ўзаро ташрифлар ва ишбилармонлик алоқаларини фаоллаштириш, ҳамкорликни янги мазмун билан бойитиш ҳамда истиқболли йўналишларда амалий ҳамкорликни кенгайтиришга келишиб олди.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.