7
Иқтисод

Афғонистоннинг Бомиён вилоятидан илк картошка ҳосили Ўзбекистонга келтирилди

Афғонистоннинг Бомиён вилоятидан илк картошка ҳосили Ўзбекистонга келтирилди
Афғонистоннинг Бомиён вилоятидан илк картошка ҳосили Ўзбекистонга келтирилди / Фото: Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Афғонистоннинг Бомиён вилоятида ўзбек селекциясига мансуб «Фонтане» нави уруғларидан етиштирилган картошканинг илк партияси Ўзбекистонга келтирилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси хабар берди.

Афғонистонда картошка етиштириб, кейинчалик уни Ўзбекистон бозорига етказиб бериш лойиҳаси 2026 йил май ойида Ўзбекистон ташаббуси билан бошланган. Экин майдонлари Бомиён вилоятининг Шаҳидан ва Фалади туманлари ҳамда вилоятнинг марказий қисмидаги 17 гектар ерда жойлаштирилган.

Лойиҳа учун «Фонтане» нави танланган. Савдо-саноат палатаси маълум қилишича, ушбу нав юқори ҳосилдорлиги, етиштириш ва қайта ишлаш қулайлиги ҳамда экспортга мослиги билан ажралиб туради.

Ўзбекистонлик мутахассислар афғонистонлик фермерлар билан биргаликда картошка туганакларини экиш, экинларни парваришлаш ва ҳосилни йиғиб олиш ишларини ташкил этди.

Экин майдонларининг ҳолати Ўзбекистондан борган мутахассислар томонидан мунтазам назорат қилиб борилди.

Ҳар гектардан 40–45 тонна ҳосил олинди. Палатада, шунингдек, уруғлик материалининг сифати ҳамда Бомиён вилоятининг картошка етиштириш учун қулай табиий-иқлим шароитлари алоҳида таъкидланди.

Ҳосил йиғиб олингач, картошка сараланди ва қадоқланди. Шундан сўнг маҳсулот Ўзбекистонга жўнатилди.

Май ойида Савдо-саноат палатаси раиси Даврон Ваҳобов Бомиён вилояти губернатори Қори Гул Ҳайдар Шафақ билан лойиҳани муҳокама қилган эди. Ўзбекистон афғонистонлик фермерларга картошка уруғларини етказиб бериш эвазига ҳосилнинг бир қисмини кафолатланган тарзда харид қилишни таклиф этган.

Ўшанда картошка етиштиришнинг йиллик ҳажми камида 50 минг тоннани ташкил этиши кутилган эди. Энг юқори кўрсаткич эса 300 минг тоннага етиши мумкинлиги қайд этилган.

Картошка етиштириш лойиҳасидан ташқари, томонлар биргаликда мева етиштириш, ўғитларни сақлаш мажмуасини қуриш ва афғонистонлик фермерларнинг малакасини ошириш масалаларини ҳам кўриб чиққан.

Июль ойида Тошкентдан борган делегация Бомиён ва Ҳирот вилоятлари вакиллари билан музокаралар ўтказди. Томонлар Ўзбекистон пойтахти бозорларида нархларни барқарорлаштириш мақсадида Афғонистон қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини харид қилиш масалаларини муҳокама қилди.

Музокараларда савдо уйларини очиш режалари ҳам кўриб чиқилди.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.