Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ Хитойнинг H3C компанияси билан телекоммуникация инфратузилмасини модернизация қилиш ва темир йўл транспортида рақамли технологияларни жорий этиш масалаларини муҳокама қилди.
Ишчи учрашув компания вице-президенти Ли Ань иштирокида бўлиб ўтди. Бу ҳақда «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ хабар берди.
Музокараларда, шунингдек, «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ ва «Темирйўлинфратузилма» АЖнинг масъул ходимлари иштирок этди.
Томонлар темир йўл тизимининг телекоммуникация инфратузилмасини модернизация қилиш, амалдаги алоқа тармоқларини ривожлантириш ва маълумотлар узатиш тизимларини такомиллаштириш масалаларини кўриб чиқди.
Темир йўл транспортида замонавий рақамли технологияларни жорий этиш, коммуникация тизимларининг ишончлилиги ва узлуксиз ишлашини оширишга алоҳида эътибор қаратилди.
Учрашув иштирокчилари тармоқларнинг маълумот узатиш имкониятларини кенгайтириш, ахборот хавфсизлигини мустаҳкамлаш ҳамда H3C технологик ечимларини қўллаш имкониятларини ҳам муҳокама қилди.
Музокаралар якунлари бўйича томонлар ушбу йўналишларда ҳамкорликни янада ривожлантириш ва истиқболли лойиҳаларни биргаликда ўрганиш муҳимлигини таъкидлади.